Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
– Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида жиноят суд ишларини юритиш соҳасида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган янги конституциявий асослар белгиланди, – деди депутат Даврон Арипов. – Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, қонуний манфаатларини ифодаловчи нормаларни бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс эттиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилмоқда. Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Муҳокамалар давомида депутатлар айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади ва масъуллардан тегишли жавоблар олди. Қайд этилдики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Конституциямизнинг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишига, фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 21.01.2025
- Кўришлар: 100
- Чоп этиш