Янги имкониятлар ва чақириқлар
Сунъий ақл (СА) аввало, одамларнинг оғирини енгил қилишга, кундалик турмуш шароитини янада осонлаштириш, уларнинг ҳаётини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари эшигини очиб бермоқда.
СА орқали ҳаётнинг турли жабҳалари, хусусан, замонавий хизматларнинг жорий этилиши, онлайн савдо-сотиқ амалиётларини амалга ошириш, масофали таълим курсларини ташкил қилиш ва ҳатто тиббий даволаш соҳасида ҳам тарихда мисли кўрилмаган даражада жуда катта ютуқларга эришилмоқда.
Инсон цивилизациясининг энг муҳим янгиликларидан бири деб эътироф этилаётган “Сунъий ақл” воситасида интернет учун замонавий медиа контент ишлаб чиқиш бўйича жадал қадамлар ташланмоқда. Нафақат оддий хабар матнлари, балки чуқур таҳлилий ҳамда илмий мақолалар ҳам тайёрланмоқда. Шунингдек, фото, видео ва аудио материаллар, инфографикалар, лонгридлар ҳам яратилмоқда.
Шу билан бир қаторда, СА воситасида шеър ва достонлар ёзилмоқда, турли визуал шаклдаги эртакнамо ҳикоялар, мультфильмлар, мусиқа, ашула ва қолаверса, оммабоп киноасарлар ҳам тайёрланмоқда. Ўтган давр мобайнида сунъий ақл ёрдамида ишланган бир нечта медиа контентлар миллий ахборот маконимизга кириб келди ва унда мустаҳкам ўрин эгаллаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Сунъий идрокнинг ижобий ва салбий жиҳатлари
Бир эслайлик. Бундан қарийб 20-25 йил олдин интернет энди пайдо бўлган даврда ҳам шу каби саволлар кўпчиликни ўйлантирган эди. Лекин орадан кўп вақт ўтмасдан бу сингари саволлар ўз-ўзидан йўқ бўлди. Демак, агар интернет яхшилик учун ишлатилса, у албатта яхшилик олиб келади, мабодо ёмонлик учун фойдаланилса, сўзсиз унинг акси бўлар экан, деган хулосага келинди. Аслида сунъий ақл ҳам худди шундай. Яъни, у ижобий мақсадда ишлатилса жуда кўп одамларга бир пайтнинг ўзида яхшиликлар олиб келади, ғаразли мақсадларда қўлланилса, жуда катта зарар келтириши турган гап. Бу қараш ҳозирги ахборот хавфсизлигига бевосита боғлиқ. Чунки сунъий ақл воситасида тайёрланган катта ёки кичик ёлғон хабар инсонларга нафақат иқтисодий, молиявий, балки руҳий ҳамда саломатлик борасида ҳам жиддий талафот етказиши мумкин.
Келгусида Марказий Осиёни нима кутяпти?
Яқин келажакда сунъий интеллект воситасида ўсмирлар аудиториясига қаратилган, “мия ювадиган” турли контентлар, балки гўдакларга, ёш болаларга мўлжалланган эртакнома ҳикоялар, мультфильмларни ҳам ишлаб чиқариш ва уларни тарқатиш урфга кириши мумкин. Шу сабабдан интернет фойдаланувчилари орасида эҳтимолдаги радикаллашув ҳолатларининг олдини олиш ёки радикаллашган аҳоли қатламига нисбатан дерадикализация қилиш ишларини амалга ошириш зарурати мавжуд. Бу борада медиа ва ахборот саводхонлигини ошириш барча учун, жумладан, халқимиз учун ҳам энг самарали йўлни очиб беради. Юзага келаётган янги челенжлардан аҳолининг энг таъсирчан қатламларини зудлик билан ҳимоя қилиш чораларини кўриш керак. Шу жумладан, тўғри ва ҳаққоний ахборот олиш бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш масаласи янада долзарблашмоқда. Бу борада қонунчиликни мустаҳкамлаш, оммавий ахборот алмашинувини бошқариш, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш каби чора-тадбирларни асло кечиктириб бўлмайди. Шубҳасиз, айни жараёнда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги кутилган самарани бериши мумкин.
Энди СА туфайли ишсизлик кўпаядими?
Йўқ. Сунъий ақл одамларнинг ўрнини тўлиқ босолмайди. Шуниси аниқки, эндиликда сунъий ақлдан “фойдалана оладиган мутахассислар” “фойдалана олмайдиганлар”нинг ўрнини эгаллаши мумкин. Яъни, нафақат АКТ ходими, балки оддий журналист, шифокор, ҳатто ўқитувчи ҳам СА имкониятларини ўзлаштирсагина унга ўз соҳасида, ҳозирги иш жойида талаб ортиб бораверади.
Эътиборли жиҳати, оммабоп мессенжерларда, очиқ сайтларда, ижтимоий тармоқларда радикаллашув билан боғлиқ контент мавжуд ёки йўқлигини аниқлаш, таҳлил қилиш мақсадида янги СА сервисларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарур. Шу билан бирга, салбий таъсир кучига эга бўлган ахборот каналларини аниқлаб, уларнинг фаолиятини чеклаш керак. Маълум бўлишича, ҳозирги террористик гуруҳлар генератив САнинг асосан 3 та йирик имкониятидан фойдаланмоқда.
Биринчидан, СА ёрдамида яратиладиган пропаганда контентини оммавий равишда юзага чиқариш.
Бу аввало:
– Ишончсиз хабарлар тайёрлаш ва тарқатишга ихтисослашган сайтлар;
– Сунъий ясалган ижтимоий тармоқ постлари;
– Фейк фото материаллар;
– Сунъий тарзда клонлаштирилган овоз, яъни аудио ёзувлар;
– Дип фейк видеолар.
Иккинчидан, алоҳида танлаб олинган шахсни экстремистик ғоялар ва урф-одатларга мойиллаштириш орқали уни радикаллаштириш.
Учинчидан, зарарли маълумотларни исталган маҳаллий тилга тезликда ўгириш ва уларни оммавий тарзда тарқатиш.
Хўш, бундай шароитда нима қилмоқ керак?
СА туфайли юзага келаётган янги муаммоларни самарали ҳал этиш учун қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:
- ЮНЕСКО томонидан тақдим этилган САдан фойдаланиш бўйича этика нормаларига риоя этиш;
- САдан фойдаланиш жараёнида медиа контент ҳаққонийлигини таъминлаш, демократик қадриятларга эътибор қаратиш;
- Кенг аҳоли қатламларида ҳар қандай ахборотга нисбатан, авваламбор, турли ижтимоий тармоқлар орқали келаётган ахборотга нисбатан танқидий муносабатда бўлиш, яъни оқни қорадан мустақил равишда ажрата олиш;
- Оқибатда терроризмга олиб келиши мумкин бўлган, радикаллашув ва экстремизм мотивлари билан йўғрилган ахборотга нисбатан ниҳоятда ҳушёр бўлиш;
- Аҳолида медиа ва ахборот саводхонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш.
Агар ушбу ишларни йўлга қўйсак, сунъий интеллектнинг ижобий тарафларидан бамайлихотир фойда кўришимиз, ҳаётимизни янги сифатли поғонага биргаликда олиб чиқишимиз мумкин.
Беруний Алимов,
“Янги медиа таълим маркази” ННТ директори
ЎзА
- Қўшилди: 20.12.2024
- Кўришлар: 407
- Чоп этиш