Тартибли ва хавфсиз миграция қандай амалга оширилмоқда? (+видео)

Барча мамлакатларда ишлашнинг ўз тартиб-таомилари бор. Бунга амал қилмаган мигрантларга турли кўринишдаги жазолар, жарималар, хаттоки ушбу давлатдан чиқариб юбориш чоралари ҳам кўрилади. Бугун сизга “хорижда осон ва юқори даромадли иш топиб бераман” деган ваъдалар берилдими, демак ҳушёрликни икки карра ошириш лозим бўлади.

Сабаби юртмизда миграция агентлигидан ташқари яна 17 хусусий хорижга ишга юборувчи ташкилотлар бор. Уларнинг рўйхати миграция агентлигининг сайтларида мавжуд ва лицензия асосида қонуний чет давлатга юбориш имкониятлари бор. Ушбу рўйхатдан ташқари тузилган агентликлар иши шубҳали. Улар ҳар қанча ваъдалар берса ҳам хорижга юборишнинг ўзига яраша талаблари бўлиб, бу бироз вақт талаб этадиган жараён.  

Фуқароларимизнинг хорижий давлатларга ишга боришларида эътибор қаратишлари зарур бўлган жиҳатлар, соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар хусусида Миграция агентлигининг рақамлаштириш бўлими бошлиғи Бобур Саъдуллаев билан суҳбатлашдик.    

- Айтингчи бугун юртимизда тартибли ва хавфсиз миграция жараёнларини таъминлашда қандай ишлар олиб борилмоқда? Соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича нималар қилиняпти?

- Албатта сўнгги йилларда мамлакатимизда рақамлашмаган соҳанинг ўзи қолмади деб бемалол айта оламиз. Бу соҳада биринчи навбатда инсон омилини йўқотиш учун жуда катта мезон бўлиб хизмат қилди. Миграция агентлигида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 17 октябрдаги 367-сонли  қарорида ҳам жуда кўп топшириқлар берилган. Миграция агентлигининг “Хорижда иш” платформаси ҳақида гапирадиган бўлсак, фуқароларнинг чет элда ишлаш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш борасида биринчи навбатда уларни рўйхатга олиш ишлари тўлиқ рақамлаштирилди. Агентлик томонидан инсон омилининг иштирок этмаслиги таъминланди. Фуқароларимиз аутентификация, яъни шахсини тасдиқлаган ҳолда тизимда рўйхатдан ўтади ва очиқ вакансияларга ўзларининг аризаларини юбориш имконияти яратилган.  

Бундан ташқари ушбу платформа орқали чет элдаги иш берувчилар ҳақида тўлиқ маълумотлар олиш мумкин. Ҳозирги кунда хусусий бандлик агентликлари билан Миграция агентлиги ўртасида имзоланган шартномаларга кўра фуқароларни танлаб олиш, уларни чет элга юбориш, шунингдек  фуқароларимизни чет давлатда вақтинча иш фаолиятини амалга ошириш учун тўлиқ тизимли рақамлаштириш ишлари амалга оширилган. 

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech