27 январь куни Москва шаҳрида Россия халқаро ҳуқуқ ассоциациясининг шу мавзудаги йиллик йиғилиши ўз ишини бошлади. Мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди”.
Жорий йилда Ўзбекистонда уруш ва фронт орти фахрийларига ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратилади.
Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида муҳташам “Ғалаба боғи” бунёд этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 75 йиллигини ҳар томонлама муносиб ва юқори савияда нишонлаш учун пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат университетида 29 январгача давом этадиган мазкур анжуман Россия халқаро ҳуқуқ ассоциациясининг 63-йиғилиши ҳисобланади. Унда россиялик ва хорижлик таниқли ҳуқуқшунос олимлар, халқаро ҳуқуқ соҳасининг нуфузли экспертлари қатнашмоқда.
Академик А.Саидов анжумандаги табрик сўзида Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган халқаро ҳуқуқий тарибот ер юзидаги тинчлик ва хавфсизликнинг мустаҳкам тагзамини ҳисобланувчи глобал юридик мажбуриятларга асосланганини қайд этди. Худди шу негизда халқаро ҳуқуқнинг замонавий архитектурасига асос солинди. Хусусан, БМТ ташкил этилди, бебаҳо умумжаҳон қадриятлар сифатида дунёдаги барча давлатлар томонидан эътироф этиладиган халқаро ҳуқуқнинг асосий принциплари яратилди.
Буюк Ғалабага 75 йил тўладиган жорий йилда нишонланадиган муҳим саналар кўп. БМТ ташкил топганининг 75 йиллиги, ЕХҲТнинг 45 йиллиги, Суд органлари мустақиллиги принципларининг 35 йиллиги, Аёлларнинг аҳволи бўйича Пекин Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллиги, “БМТ-аёллар” тузилмасининг 10 йиллиги шулар қаторига киради.
Ўзбекистон ушбу муҳим саналарни нишоналашда фаол иштирок этиши билан бир қаторда, жорий йилда МДҲга раислик ҳам қилади. Мамлакатимизда “БМТ-75” ташаббуси доирасида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилади. Май ойида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш режалаштирилган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида барча соҳалар қатори инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик алоқалари ҳам изчил ривожланмоқда. Ҳар икки мамлакат вакиллари турли халқаро форумларда фаол иштирок этаётгани, ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистон-Россия юридик форуми ўтказилгани ҳам буни тасдиқлайди.
2019 йил январь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари вакили ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Ўтган йилнинг апрель ойида худди шундай Меморандум Марказ билан Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича кенгаш ўртасида тасдиқланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.01.2020
- Кўришлар: 4767
- Чоп этиш