Инсон ҳуқуқлари тўла ҳимояланган, халқ хоҳиш-иродаси давлат фаолиятининг бош мезонига айланган Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар давлатимизнинг барқарор ривожланиши ва халқаро нуфузи юксалишида беқиёс аҳамият касб этмоқда. Буни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ҳам яна бир бор тасдиқлади. 160дан ортиқ мамлакат Президентлари, Ҳукуматлар ҳамда йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида давлатимиз раҳбари биринчи бўлиб сўзга чиқди ҳамда ўзбек тилида нутқ сўзлади.
Президентимиз нутқида таъкидланган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббусларнинг батафсил таҳлили билан “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг яқинда нашрдан чиққан жорий йилдаги 1-сони орқали танишишингиз мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият” номли мақоласида давлатимиз раҳбарининг нутқида илгари сурилган олти муҳим масала – мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер сиёсати, ёшларни қўллаб-қувватлаш, коррупцияга қарши курашиш, имконияти чекланган шахсларга кўмак бериш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш масалалари аниқ фактлар, мантиқий мулоҳазалар ва амалий мисоллар орқали кенг ва теран таҳлил қилинган.
Шунингдек, журналнинг ўзбек, инглиз ва рус тилидаги саҳифаларидан “2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, “Жамият ва ҳуқуқ”, “Тарих саҳифаларида” каби рукнлар остида кўплаб қизиқарли ва долзарб мавзулардаги мақолалар ҳамда интервьюлар ўрин олган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси Эльмира Боситхонованинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида мутлақо янги тизим яратилади” номли мақоласида 2021 йилда мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар, коронавирус пандемиясига барҳам бериш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бажарилаётган чора-тадбирлар атрофлича таҳлил қилинган.
Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькованинг “Деятельность Уполномоченного по правам человека в Российской Федерации” номли мақоласи ҳам диққатга сазовор. Унда мамлакатимизнинг стратегик шерикларидан бири Россия Федерациясида инсон ҳуқуқларини, шу жумладан ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг устувор тамойиллари ва ўзига хос жиҳатлари атрофлича ёритиб берилган.
Ўзбекистон фан арбоби Ҳалим Бобоевнинг “Инсон ҳуқуқларига оид фаолиятнинг илмий асослари мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали интервьюсида эса “Инсон ҳуқуқлари” (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисослигининг, ушбу ихтисослик бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгашнинг ташкил этилиши тўғрисида қизиқарли фикрлар билдирилган.
Шунингдек, журнал саҳифаларидан ўрин олган “Янги Ўзбекистон ва сайлов қонунчилиги” интервьюси, “Парламент дипломатияси: аҳамияти ва тушунчаси”, “Ўзбекистонда таълим сиёсати ва модернизацион босқич”, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳуқуқий асослари”, “Фуқаролик жамияти ривожланишининг глобал индикаторлари” ва бошқа долзарб мавзулардаги мақолалар ҳам Сиз – қадрли журналхонларни беэътибор қолдирмаслигига аминмиз.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали ходими
- Қўшилди: 25.03.2021
- Кўришлар: 4446
- Чоп этиш