XIX аср охири- ХХ асрнинг бошларида сиёсий, маданий, иқтисодий жихатдан инқироз холатига тушиб қолган мустамлака туфайли ривожланиш паст даражада бўлган ўлкада Туркистон зиёлилари чор Россиясининг мустамлакачилик зулмидан қутулиш, ўз миллий давлатчилигини тузиш, иқтисодий ва маданий тараққиётга йўл очиш, халққа зиё тарқатиш чораларини кўрди. Бу борада жадидчилик ҳаракати катта рол ўйнади.
Жадидчилик рус мустамлакачилигига қарши миллий демократик харакат бўлиб, у ўша давр Туркистондаги қолоқ иқтисодий, ижтимоий ва маданий шароитда яшаётган халқларни маърифатлаштириш, жамият хаётида ижтимоий ва маданий ислоҳотлар ўтказиш, пировардида миллий мустақиллик ғояларини хаётга тадбиқ этиш мақсадини ўз олдига қўйган эди.
И. Гаспрали 1893 йилда Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлиб, Бухорода амир Абдулахадни жадид мактаби очишга кўндиради. Бу мактабга "Музаффария" номи берилади. 1898 йилда Тўқмоқда (Қирғизистон) хам шундай мактаб очилди. 1899 йилда Андижонда Шамсуддин домла, 1901 йилда Қўқонда Салоҳиддин домла, Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов ва Самарқандда Абдуқодир Шакурийлар биринчи бўлиб жадид мактабларини очадилар.
Жадидчилик харакатининг йирик намояндалари жадид мактаблари учун дарсликлар хам яратганлар. Хусусан, Саидрасул Азизийнинг "Устози аввал" (1903), Мунавварқорининг "Адиби аввал" (1907), Абдулла Авлонийнинг "Биринчи муаллим", "Иккинчи муаллим" (1912) дарсликлари алоҳида эътиборга моликдир.
Жадидларнинг халқ маърифати учун кураш дастури уч асосий йўналишдан иборат бўлган:
1. Янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш.
2. Умидли, иқтидорли ёшларни чет элга ўқишга юбориш.
3. Турли маърифий жамиятлар тузиш ҳамда зиёлиларнинг кучли фирқасини ташкил этишга қаратилган газеталарни чоп этиш.
Шу дастурни амалга ошириш борасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон ва бошқа зиёлилар жонбозлик кўрсатишди.
Янгича ўқитиш мусулмон болаларига қисқа вақт ичида дунёвий, диний таълим бериш дастури асосида олиб борилди. Бу дастурга кўра мактабларда ўқитиш тизими икки босқичдан иборат бўлган. Биринчи босқич ибтидоий қисм деб аталиб, унинг таҳсил муддати 4 йил бўлган. Биринчи босқични тугатган шогирд эски мактабда 10 йил ўқигандан кўра яхшироқ савод чиқарган. Иккинчи босқични муваффақиятли тугатган шогирд арабча, форсча, туркий тилда бемалол сўзлашиб, русчада эркин сўзлаша олганлар.
Туркистон жадидларининг хайрия жамиятлари, янги усул мактаблари ҳақида Ўзбекистон фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Асадулло Ҳасанов билан суҳбатлашдик.
М.Турдалиева, Н.Абдувоитов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 05.02.2024
- Кўришлар: 2614
- Чоп этиш