«Ҳаммамизга аёнки, бирор давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди. Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим. Биз биргаликда кўп нарсага қодирмиз».
Ушбу иқтибос Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун видеоанжуман тарзида ўтказилган навбатдан ташқари саммитида сўзлаган нутқидан олинди.
Саммит кун тартибига мувофиқ, дастлаб пандемияга қарши курашиш борасида мамлакатларда кўрилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган мислсиз кураш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон Президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсия ва талабларига мувофиқ жорий этилган карантин чоралари тўғрисида алоҳида тўхталди. "Авваламбор, дунёнинг кўплаб давлатларида коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ бугунги вазият биз Ўзбекистонда карантин ва аҳолини бесабаб кўчага чиқмаслик режимини ўз вақтида жорий этганимизни исботлаганини таъкидламоқчиман", деди мамлакатимиз раҳбари.
Ўзбекистоннинг бу борадаги яна бир ютуғи шундаки, инфекция тарқалишини деярли бир ой давомида секинлаштириб, бу вақтдан даволаш ўринларини кўпайтириш, чет давлатларнинг даволаш тажрибасини ўрганиш ва жорий қилишда унумли фойдаланилди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ушбу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият билан самарали ҳамкорлик қиляпти. Хусусан, коронавирусга чалинган беморларни даволашда Жанубий Корея, Хитой, Россия, Исроил ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан мунтазам тажриба алмашиниб, уларнинг энг илғор амалиёти теле-медицина орқали кенг қўлланилмоқда.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг айнан шу масалага бағишланган саммитида Ўзбекистоннинг фаол иштирок этгани бу ҳамкорлик изчил давом этаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Анжуманда коронавирусга қарши курашишда тажриба ва энг намунали амалиёт алмашиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилиш, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланди.
Коронавирус пандемияси қисқа вақт ичида жаҳон ҳамжамияти олдида кўндаланг турган глобал муаммога айланиб улгурди. Бу вирус, афсуски, Ер юзи бўйлаб шиддат билан тарқалиб бормоқда ва тобора кўпроқ ҳудудларни ўз чангалига тортмоқда. Янада ташвишли томони шундаки, бу ялпи кулфатнинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволаш ишлари жуда мураккабдир.
Бу - инсоният ўз узоқ тарихида илк бор дуч келган бемисл глобал инқироз. Бу - башариятнинг яшаб қолиши учун кураш йўлидаги матонатли синов. Бу, таъбир жоиз бўлса, барчамизни Яратганнинг мукаррам бандаси бўлмиш инсон зоти ҳаётининг қадрига етишга ўргатадиган жиддий сабоқ.
Ушбу хатарли офат, жаҳоннинг барча мамлакатлари қатори, 160 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган туркий тилли давлатларни ҳам четлаб ўтмади. Шу маънода, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида бу борадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилингани бежиз эмас.
Биз бутун дунёда COVID-19 вируси пандемияси туфайли ғам-ташвиш чекаётган барча инсонларга ҳамдардмиз. Шундай оғир бир даврда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, фуқаролик жамияти фаоллари, волонтёрлик ҳаракати вакилларининг инсонлар соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан стратегия ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.
Саммитда инфекциянинг кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича таъсирчан ва кенг қамровли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва нисбатан заиф соҳалари учун оқибатларни юмшатиш, очиқ халқаро мулоқотни йўлга қўйиш алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "юзага келган қалтис вазият нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсда зудлик билан таъсирчан чора-тадбирлар кўришни талаб этмоқда".
Шуларни инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбари бешта аниқ таклифни билдирди.
Биринчи таклиф - Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш зарур.
Иккинчи таклиф - туркий тилли давлатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва тажриба алмашувни кенг йўлга қўйиш лозим.
Жумладан, ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, туркий тилли давлатлар етакчи мутахассислари иштирокида тез кунларда биринчи видео-конференцияни ўтказиш тавсия қилинди.
Учинчи таклиф - Туркий Кенгаш котибиятида пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш лозим. Ушбу гуруҳ давлатларимизда фаолият юритаётган миллий штаблар билан яқин амалий алоқалар ўрнатиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг фикрича, мамлакатларимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тезкор ёритиш, ўзаро тажриба алмашиш ва ундан кенг фойдаланиш учун алоҳида маълумотлар базасини яратиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Тўртинчи таклиф - ҳозирги ғоят мураккаб шароитда қардош халқларимизни зарур озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида юк ташиш ва транспорт коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, чегара пунктларида транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатланишига амалий ёрдам кўрсатиш зарур.
Бунда Ўзбекистон Президенти транспорт ва логистика соҳаларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва самарали мувофиқлаштириш мақсадида туркий тилли давлатлар транспорт вазирларидан иборат Ишчи гуруҳини ташкил этиш лозимлигига эътиборни қаратди.
Бешинчи таклиф - коронавирус талафотларини юмшатишда халқаро ташкилотлар кўмаги жуда муҳимлигини ҳисобга олиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ушбу нуфузли ташкилот ва Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш даркор.
Ушбу таклифларнинг барчаси маъқулланди. Улар саммитнинг якуний ҳужжати – Боку декларациясига киритилди.
Саммит иштирокчилари томонидан ҳозирги вақтда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган коронавирус пандемиясига бағишланган видеомулоқот фавқулодда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга экани эътироф этилди. Туркий тилли давлатлар бошлиқларининг таъкидлашича, мазкур саммит коронавирус пандемияси билан курашда ўзаро бирдамликни кучайтиради.
Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 13.04.2020
- Кўришлар: 4310
- Чоп этиш