Сизларни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман.
Бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғайрат ва қатъият, шижоат ва ижодий изланиш билан меҳнат қиладиган вақт. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, машаққатли ва ҳалол меҳнатини эъзозлаш масаласи муҳтарам Президентимизнинг доимий эътиборида турибди.
Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Ўз навбатида, зиммангиздаги ижтимоий масъулиятни теран англаб, Ватанимиз, халқимиз, навқирон авлодимиз манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилаётганингиз учун сизларга миннатдорлик изҳор этаман.
Дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси шароитида қўлингиз ва кўнглингиз ишу ижоддан совимаганига шукрлар бўлсин. Сизлар талабчану дидли замондошларимизга беҳисоб ахборот оқимини қизиқарли ва сермазмун, замонавий ва ранг-баранг шаклларда тақдим этиб келаётганингиз учун алоҳида ташаккуримни қабул қилгайсиз.
Беҳбудий бобомизнинг маърифат учун мактабу маорифдан ташқари матбуот ҳам зарур эканига доир мана бу сўзларини эсга олиш жоиз: "Миллат учун ойна керак, токи унда ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин".
Бугунги кунда бу ойна, яъни кўзгу миллий медиа майдонда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш тезроқ етакчи ўринни эгаллаши учун ҳам ниҳоятда керакдир.
Қадрли дўстлар ва ҳамкасблар,
Сизларнинг касб байрамингиз арафасида, 2020 йил 22 июнь куни Президентимизнинг "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони имзоланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, мақсади ва вазифаларини кенг жамоатчилигимизга ва жаҳон аҳлига атрофлича тушунтириб беришда сизларнинг холис ёрдамингизга таянамиз. Миллий стратегия ижроси билан боғлиқ жараёнлар изчил ва тизимли, холис ва ҳаққоний, таҳлилий ва, албатта, танқидий асосда ёритиб борилишидан манфаатдормиз.
Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан табриклайман.
Маърифатпарвар аждодларимизнинг ҳикматлари, хислатлари ва ибратлари ҳамиша йўлингизни йўлчи юлдуздек ёритиб туришига тилакдошман.
Барчангизга чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Эҳтиром ила,
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 27.06.2020
- Кўришлар: 4495
- Чоп этиш