Янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, Уй-жой кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Яъни, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилишига йўл қўйилмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ва у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланиши белгиланяпти.
Мазкур “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда сўз олган депутат Зафар Худойбердиев лойиҳадаги айрим камчиликлар хусусида тўхталди:
– Янги таҳрирдаги Конституциямиз нормаларини қонунчилигимизга имплементация қилишда конституциявий нормалар қонунларимизга айнан кўчириб қўйиляпти, норманинг моҳияти очиб берилмаяпти. Мазкур лойиҳада ҳам ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Уй-жой кодексига уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши киритиляпти. Аммо “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунда акс этмаяпти.
Депутатларнинг савол ва эътирозларига жавоблар қайтарилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 31.01.2024
- Кўришлар: 2157
- Чоп этиш