Мазкур қонун давлат фуқаролик хизматининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимлардан ташқари барча давлат органлари, давлат муассасалари ва унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятлари, шунингдек ҳарбий хизматчиларга ҳам нисбатан татбиқ этилади.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Бош вазир раислигидаги қонуни ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Идоралараро комиссияга 2024 йил 1 июлга қадар қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ рўйхати шакллантирилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Ҳужжат билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш тизимини йўлга қўйилади, шу жумладан, давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати ҳамда Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрини белгиланади.
Шунингдек, Адлия вазирлиги жорий йил августига қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини белгиловчи ҳужжат лойиҳасини Ҳукуматга киритади.
Қарорда давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш учун шароит яратиш мақсадида 2024 йил якунига қадар «E-anticor.uz» электрон платформасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилиши ҳам белгиланган.
Маълумот учун, қонуннинг 15-моддасида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими яқин қариндошлари бевосита ходимнинг бўйсунувидаги ишга қабул қилинган бўлса ёки ходимнинг ишига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ўзига алоқадор шахслар жалб этилган бўлса бир иш куни ичида мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги белгиланган шаклдаги хабарномани тўлдириши ва ўзининг бевосита раҳбарига ёки махсус бўлинмага тақдим этиши шартлиги белгиланган. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимга ишга қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно ҳисобланади.
Аввалроқ манфаатлар тўқнашувини аниқлашда ёрдам берган шахслар мукофотланиши ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлик учун жазо белгилангани хабар қилинганди.
Kun.uz
- Қўшилди: 08.06.2024
- Кўришлар: 1583
- Чоп этиш