Пандемия шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш: Ўзбекистон тажрибаси

Аввал хабар қилинганидек, 17 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган Омбудсманларнинг 4-халқаро илмий-амалий конференцияси «Евроосиё маконида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари: омбудсманлар ўртасида энг яхши амалиётлар алмашуви» мавзусига бағишланди. У Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ташаббуси билан ташкил этилди.

Онлайн форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди. Ушбу маъруза матни қуйида мақола шаклида тақдим этилмоқда.

Куни кеча, 16 ноябрда жаҳон жамоатчилиги Бағрикенглик халқаро кунини кенг нишонлади. Бу сана, айниқса, ҳозирги пандемия даврида турли маданиятлар ва халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда бирдамликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Россия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига яна аъзо этиб сайланди. Бу муҳим ютуқ билан россиялик ҳамкасбларимни чин қалбдан самимий табриклайман.

Ўзбекистон ҳам худди шу сайловларда миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йилларга сайланди. Осиё гуруҳидан номзоди кўрсатилган мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди.

Омбудсманларнинг 4-халқаро форуми ташкилотчиларини алоҳида қутлайман. Ушбу халқаро анжуманнинг географик кўлами ва иштирокчилари доираси йилдан-йилга кенгайиб бораётгани таҳсинга лойиқ.

Жорий йилда БМТнинг 75 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси қабул қилинганининг 70 йиллиги, Хельсинки жараёнининг 45 йиллиги, Пекин Ҳаракатлар платформасининг 25 йиллиги каби халқаро саналарни ҳам нишонламоқдамиз.

Бу йилги ана шундай муҳим саналарга қарамай, COVID-19 пандемияси 2020 йил давомида жаҳон миқёсидаги муҳокамалар кун тартибида бош мавзу бўлиб қолмоқда.

Коронавирус пандемияси бутун дунёда инсонлар ва жамоатлар учун ҳаддан ортиқ салбий оқибатларни келтириб чиқарди ҳамда чиқармоқда. Пандемия билан боғлиқ чекловлар шароитида, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари жуда кўплаб қийинчиликларга дучор бўлмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш ўзининг «Пандемия ва инсон ҳуқуқлари» мавзуидаги маърузасида таъкидлаганидек, "Бугунги кунда ҳукуматларнинг ҳаракатлари ҳар қачонгидан ҳам очиқ-ошкора, мослашувчан ва назорат учун қулай бўлиши зарур. Фуқаролик жамияти фаолияти ва матбуот эркинлиги учун мақбул макон мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жамоат ташкилотлари ва хусусий сектор муҳим ўрин тутади".

Барчамиз яхши тушунамизки, бирон-бир давлат якка ҳолда бу даҳшатли пандемияга бас кела олмайди. БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йил 2 апрелда қабул қилинган "2019 йилнинг коронавирус (COVID 19) касаллиги билан курашишда глобал бирдамлик" махсус резолюциясида ҳам айни шу ҳақда сўз боради.

Биз тўқнаш келган пандемия ўзининг тарқалиш суръатлари ва кўламлари билан мисли кўрилмаган глобал инқироз тусини олди. Бу офат бутун инсоният ва жаҳон иқтисодиёти учун ниҳоятда жиддий таҳдидга айланди. Унинг учун чегара сарҳадлари аҳамиятсиз; қайси миллат, дин ёки ирққа мансубликнинг фарқи йўқ.

Пандемия шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида юзага келаётган масалаларни барчамиз биргаликда, тезкор ва самарали ҳал этишимиз давр талабидир. Бугунги анжуманда бу борада якдил ёндашувни шакллантиришимизга ва саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб олишимизга ишонаман.

Ўзбекистон, халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзолари қатори, инсониятнинг ҳозирги замон тарихида энг жиддий таҳдидга айланган COVID-19 пандемиясига қарши қатъий кураш олиб бормоқда.  Ҳукумат ўз вақтида кўраётган эпидемияга қарши таъсирчан чоралар туфайли  мамлакатимизда пандемиянинг зиёну зарари имкон қадар камроқ бўлишига эришилмоқда. Биз пандемия муҳитида яшашга ўрганаяпмиз.

Эпидемиологик вазият устидан самарали назорат ўрнатиш мақсадида, халқаро амалиётга таянган ҳолда, барча зарур чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширмоқдамиз.

Биринчидан, бутун мамлакат миқёсида карантин тизими жорий этилди. Бу борадаги масалаларда аҳолининг масъулиятини ошириш учун қисқа фурсатда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди, шунингдек нотўғри ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Иккинчидан, коронавирус билан самарали курашиш учун юртимизнинг барча вилоятларида махсус тиббиёт муассасалари ва карантин марказлари ташкил этилди.

Учинчидан, касаллик тарқалишининг ўз вақтида олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида кенг кўламда, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, таълим тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун ушбу соҳага қарашли барча муассасалар ўз фаолиятини масофадан, тўлиқ онлайн тизимда амалга оширди. Ҳозирги вақтда таълим жараёнининг анъанавий шаклига аста-секин қайтилмоқда.  

Бешинчидан, аҳоли озиқ-овқат, доир-дармон воситалари ва тиббий буюмлар, шу каби бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар билан узлуксиз равишда таъминланмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламларига манзилли асосда беғараз ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.

Бу жараёнда нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этмоқда.

Олтинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари шакллантирилган. Шу мақсадда Инқирозга қарши жамғарма тузилган.

Тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича фоизларни "музлатиб туриш" ва солиқ "танаффуслари" каби имкониятлар тақдим этилган. Импорт қилинадиган товарлар учун солиқ ва божхона тўловлари миқдори сезиларли даражада камайтирилган.

Еттинчидан, ҳужжатлар алмашлаш, суғурта полислари ва шу кабиларнинг муддати ўтганлиги ҳолати билан боғлиқ қоидабузарликлар учун жавобгарликка тортмаслик чоралари кўрилган. Чет эл фуқароларининг мамлакатимизда бўлиб туриш муддатлари узайтирилган бўлиб, ушбу муддатларга амал қилмаганлик учун жарима жазоси белгиланмайди.

Саккизинчидан, хориждаги Ўзбекистон фуқароларини қайтариб олиб келиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Ўтган даврда хорижий мамлакатлардан 100 минг нафардан ортиқ фуқаромиз юртимизга кўчириб келинди.

Фурсатдан фойдаланиб, фуқароларимизни Россиядан қайтариб олиб келишда яқиндан ёрдам кўрсатгани учун Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Николаевна Москальковага миннатдорчилик изҳор этаман.

Тўққизинчидан, инсонпарварлик соҳасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон бир қатор мамлакатларга пандемияга қарши курашиш борасида инсонпарварлик ёрдами тақдим этди.

Ўнинчидан, ана шу чора-тадбирларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Кейинги ойда 30 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, жумладан, уларда инсон ҳуқуқларини чеклашнинг аниқ чегаралари белгиланган.

Бош вазир раҳбарлигидаги Махсус комиссия қарорига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази пандемия шароитида БМТ ва бошқа тузилмалар билан инсон ҳуқуқлари масалалари борасидаги ҳамкорлик учун масъул ҳисобланади.

Марказ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, шартномавий қўмиталар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби халқаро тузилмаларнинг пандемия шароитидаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича тавсияларини синчиклаб ўрганмоқда ва кўтарилган муаммоларга давлат органларининг эътиборини қаратиб келмоқда.

Ўтган даврда маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат стандартларига риоя этиш, адвокатлар ҳуқуқларини рўёбга чиқариш юзасидан мурожаатларимизни тегишли давлат ташкилотларига юбордик.

Шунингдек, "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журналининг "Пандемия ва инсон ҳуқуқлари" мавзусига бағишланган махсус сонини нашрдан чиқардик. Журналнинг ушбу сони саҳифаларида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбарлари ҳамда ҳамкасбимиз Т.Москалькованинг мақолалари эълон қилинган.

Бундан ташқари, “COVID-19 ва инсон ҳуқуқлари” тўпламини нашрга тайёрладик ва чоп эттирдик. Тўпламдаги мақолаларда пандемия шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тажриба атрофлича таҳлил этилган.

Шу йил июль ойида БМТнинг мамлакатимиздаги тузилмалари ва ЕХҲТ офиси билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий мулоқот ўтказдик. Мулоқотда коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар масаласи муҳокама қилинди.

Миллий мулоқот арафасида, яъни жорий йил 24 июнь куни БМТ ва ЕХҲТ расмий шахслари ҳамда бир гуруҳ журналист ва блогерларнинг Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказига ташрифи ташкил этилганди. Ўша жойнинг ўзида Ҳукуматнинг карантин марказлари фаолияти учун масъул шахси ҳисобланувчи Бош вазир ўринбосари билан учрашув ҳам ўтказилди.

Ушбу ташриф асносида тўпланган амалий далиллар карантин ҳудудларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши борасидаги Ўзбекистон тажрибасини таҳлил қилиш ва матбуотда асосли равишда ёритиш имконини берди.

Миллий мулоқот тадбирида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТ Қийноққа қарши кичик қўмитаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот якунлари бўйича карантин марказларидаги ҳолатни, халқаро тиббий-санитар нормалар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар нуқтаи назаридан, яхшилаш бўйича чоралар кўришга қаратилган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида бир қанча муҳим натижаларга эришилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги Фармонига мувофиқ, юртимизда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳамда Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг сифатли ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилди ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Миллий стратегияда жами 33 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу ўринда 20 та янги қонун лойиҳалари, мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 4 та қонун лойиҳаси ва амалдаги 9 та қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.

Ҳозирги кунгача 6 та қонун ишлаб чиқилди, жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама этилди ва қабул қилинди. Янги таҳрирда қабул қилинган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида", “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Жорий йил 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб Самарқанд веб-форуми ўтказилди. Халқаро анжуманда "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Самарқанд резолюцияси БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессияси, шунингдек ЕХҲТ Доимий кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Соҳадаги яна бир муҳим натижа: Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.

Ушбу кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Айни пайтда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг илк совриндорларини 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни тақдирлашга тайёргарлик кўрилмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, "Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон  шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".

Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech