Бош прокуратура Академияси билан Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида янги авлод дарсликларини тайёрлаш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли буйруғига асосан нашрга тавсия этилган “Фуқаролик процессуал ҳуқуқи” дарслиги соҳадаги ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчи мутахассислардан иборат муаллифлар жамоаси томонидан янги авлод учун яратилган муҳим асар ҳисобланади. Ю.ф.д., профессор М.Мамасиддиқов ва ю.ф.н., профессор Д.Хабибуллаевнинг масъул муҳаррирлигида тайёрланган ушбу дарсликда Судьялар олий мактаби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Юристлар малакасини ошириш маркази, Ички ишлар вазирлиги Академияси каби етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари ҳаммуаллиф сифатида иштирок этди.
Мазкур дарслик Давлат таълим стандарти асосида тузилган “Фуқаролик процессуал ҳуқуқи” фани дастурига мувофиқ ҳамда шахсга йўналтирилган, ривожлантирувчи ва мустақил таълим олиш технологиялари, тамойиллари ва талаблари асосида тайёрланган.
Мазкур дарслик нафақат прокуратура ходимлари, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари, адвокатлар учун, балки малака ошириш ва олий ўқув юрти тингловчи ва талабалари, шунингдек кенг китобхонлар оммаси учун ҳам мўлжалланган.
Ушбу дарсликдан суд ҳокимияти, прокурор назорати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ташкил этиш ва адвокатура ҳамда фуқаролик процессуал ва хўжалик процессуал ҳуқуқи ихтисослиги доирасида илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган докторант ва мустақил изланувчилар ҳам фойдаланиши мумкин.
Манба: proacademy.uz
- Қўшилди: 29.03.2021
- Кўришлар: 3419
- Чоп этиш