Янги нашр
Киши бугунги дунёга, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар ташлар экан, кўнглида бир хавотирли ўй кечиши шубҳасиз: инсониятни яқин истиқболда нималар кутади, эртанги ҳаёт қандай бўлади?
Жаҳонда кундан-кун авж олаётган турли даражадаги низолар, қонли тўқнашувларнинг охири борми? Буюк тамаддунлар ижодкори, ҳаёт гултожи бўлган банибашарнинг кибру ҳавоси ва кўздан пана турфа амбициялари ўз уйи – она сайёрамиздаги ҳаётни оёқлатиб қўймайдими? Тинчлик, ҳамжиҳатлик ва глобал фаровонлик қачондир бир кун ер юзида ҳақиқатга айланадими?..
Албатта, ушбу ўйлар одамга оғир ботади, қалбини оғритади. Аммо айни пайтда кўнглидан бундай кечинмалар кечаётган одамни пессимист, деб айблаб ҳам бўлмайди. Зотан, дунёнинг бугунги манзараси бунга изн беради.
Учинчи минг йиллик – интеллектуал аср. Буни айни дамда закий олим ҳам, оддий одамлар ҳам бирдек тан олади. Инсоният ақлбовар қилмас ихтиролар, мўъжизалар яратувчиси сифатида ўзининг энг юксак камолот нуқтасига эришди. Гарчи бугун ҳам халқаро вазиятга нисбатан “нотинч”, “қалқиб турибди”, “олдиндан ҳеч нарсани тахмин қилиб бўлмайдиган” сифатлари қўшиб ишлатилаётган бўлса-да, ҳарқалай ўтган минг йиллик “совуқ уруш асри”га якун ясади: инсоният икки қутбли дунё “қолипи”ни синдириб, глобал тараққиёт сари юзланди. Хўш, шу билан олам гулистон бўлиб қоладими?
Энди хотиржам яшаш мумкинми?
Ғарбдаги нуфузли ақл марказлари, кўплаб атоқли олимларнинг келажак ҳақидаги фикри шуки, эндиги урушлар жанг майдонларида, қурол-яроғлар воситасида эмас, балки тамаддунлараро тўқнашувлар фонида кечади. Бу, шубҳасиз, билим, илм-фан ва техника, инновациялар ривожи билан боғлиқ масаладир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм ва таълим тарбия ҳақида, фарзандларимизнинг китоб ўқиши, замонавий илм-фан, дунё тилларини пухта ўзлаштиришлари ҳақида кўп ва куйиниб гапиришининг асл сабабини айни шу омиллардан қидирсак, тўғри бўлади. Ниҳоят миллат лидери томонидан илгари сурилган тарихий ғоя – “Учинчи Ренессанс” айнан шу – замонавий дунёда кечадиган эврилишлар, янгиланишларга мослашиш билан бирга инсоният ҳозирлик кўраётган глобал маданият – янги умумтамаддунга интеграция бўлиш мақсадини ҳам ўзида ифода этади.
Илм-фан, миллатнинг интеллектуал салоҳияти, сиёсий ва маданий тафаккурини юқори босқичга кўтариш Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади этиб белгиланишининг асосий сабаби ҳам шу аслида.
Бугун биз сизга тақдим этишга жазм қилаётган “Ватан” журнали муҳтарам Президентимиз олдимизга қўйган бу муқаддас ғояни амалга оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшишда восита вазифасини бажаради, дея ният қиламиз.
Зотан, илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий форматдаги ушбу журнал ўз саҳифаларида мамлакатимиздаги энг илғор фикрли зиёлилар, олим ва сиёсатчилар учун жой беради.
Бундан ташқари, журнални ташкил этишдан кўзланган яна бир муҳим мақсад борки, буни айтиш, албатта, бизнинг вазифамиз: барчамиз кўриб, билиб турибмиз, бугун давлатимиз ўзгарди. Бугунги Ўзбекистон кечагисидан тубдан фарқ қилади. Буни, энг аввало, давлатнинг, жамиятнинг очиқлигида, одамларимизда эркин фикр ва дунёқараш шаклланаётганида кўриш мумкин.
Президентимиз бошлаган ислоҳотлар бугун нафақат сиёсий мазмунда, балки мафкуравий маънода ҳам ВАТАН сўзига, туйғусига ўзгача, янги маъно бахш эта олди. Эндиликда илгари ёпиқ бўлган чегаралар оша мусофирликда ёки тақдир тақозоси билан бошқа элларда яшаётган ватандошларимиз, миллатдошларимиз учун ҳам Ўзбекистон очилди. Улар энди бизга бегона эмас – ватандош, миллатдош ва маслакдошдир.
Айни дамда кўнглимдан кечаётган бир ўйни айтмасам бўлмас, деб ўйлайман. Ватанпарварлик, элпарварлик ва миллатпарварлик каби туйғулар гарчи азалий ҳодиса бўлса-да, юқорида айтганимиздек, бугун уларнинг моҳияти хийла теранлашди. Биз бу қутлуғ тушунчаларни эндиликда нафақат минбарлардаги баландпарвоз маърузалар матнида, балки бир мўъжиза ўлароқ ўз ҳаётимизда кўра ва ҳис қила бошладик.
Бундай тарихий эврилиш эса, шубҳасиз, миллатпарвар Юртбошимизнинг ўз халқига, Ватанига бўлган сўнмас муҳаббати ижобати, деб биламан. Зеро, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон”ни қуриш ғоясида халқимизга фаровон ҳаёт яратиш, унинг қадр-қиммати, ғурури ва шаънини улуғлашни асосий мақсад қилиб олган, десам адашмайман.
Журнал саҳифаларида хориждаги ўзбекистонликларнинг ижодига, илмий ўй-фикрларига, Ватан ҳақидаги дил сўзларига ҳам кенг ўрин берамиз. Бир сўз билан айтганда, ушбу нашр азиз Ўзбекистонимизни ўзига Ватан билган, унинг дарди билан яшаётган, қувончу ютуқларини қалбидан ўтказиб, шу азиз юртга садоқатини, меҳру муҳаббатини кўрсатишни истаган ҳар бир Ватан ўғлонига минбар беради.
Зеро, уни ташкил этишдан кўзланган мақсад жонажон юртимиз – Янги Ўзбекистон имижини кенг жамоатчилик ва академик доираларда оширишга ҳисса қўшиш ҳамда ўқувчиларни бугун дунё илм-фанида, сиёсий ва ижтимоий ҳаётида кечаётган тенденциялар билан яқиндан таништиришдир.
Мен ушбу фурсатдан фойдаланиб, барча зиёлиларимиз, олимларимизни янги нашр – “Ватан” билан ҳамкорлик қилишга чақириб қоламан.
Қудратилла РАФИҚОВ,
"Ватан" журнали таҳрир ҳайъати раиси, лойиҳа раҳбари
P/S: Ватан ҳақида айтиладиган ҳар бир сўзнинг залвори бўлади. Миллат ҳақида ёзиладиган ҳар сатрнинг юки бор. Янги чоп этилган “Ватан” журналини ўқиган киши таҳририят ижодкорлари ана шундай эзгу мақсадни чуқур ҳис қилганига ишонч ҳосил қилади.
ЎзА жамоаси ватандошларимизни янги нашр билан қутлайди!
ЎзА
- Қўшилди: 06.03.2024
- Кўришлар: 2463
- Чоп этиш