17 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг навбатдаги машғулоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тизимларидаги раҳбар ходимлар иштирок этди.
Жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги ҳамда “Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳамда унинг учун жазолаш тўғрисида”ги Палермо протоколининг 20 йиллиги кенг нишонлангани таъкидланди. Ўзбекистон учун Палермо протоколи талабларини рўёбга чиқариш муҳим вазифалардан бири эканига эътибор қаратилди.
БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Айниқса, 2019 йилда Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилгани диққатга лойиқдир.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”да одам савдосидан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси белгиланди. Шу асосда 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.
Бундан ташқари, тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Миграция бўйича халқаро ташкилот ҳамкорлигида 2015-2020 йилларда ЮСАИД донорлик кўмаги асосида одам савдосига қарши курашиш йўналишида муҳим тадбирлар амалга оширилгани ҳақида атрофлича сўз юритилди.
БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг маълумотига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 3 миллиондан ортиқ киши одам савдосининг қурбонига айланмокда. Йилига 600 мингдан 800 минггача аёллар ва болалар турли алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, эксплуатация қилиш мақсадида сотиб юборилмоқда, шунингдек жиноий гуруҳлар учун одам савдоси жуда катта даромад келтирадиган манба бўлиб, у гиёҳвандлик моддалари ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринни эгалламоқда.
Одам савдоси бирор-бир давлатни четлаб ўтган ёки қайсидир давлат ушбу жиноятдан тўлиқ ҳимояланган деб айта олмаймиз. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солувчи ушбу хавфга биргаликда қарши курашиш учун ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Вебинар шаклидаги машғулот БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.12.2020
- Кўришлар: 3870
- Чоп этиш