Дунёга машҳур Самарқанд нуфузли халқаро форумларга ҳозирланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 22 март куни Самарқандга ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва келгусидаги режалар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. 

– Куни кеча халқимиз билан Наврўз айёмини кутиб олдик. Бугун, муқаддас Рамазон ойида мана шу табаррук жойга келиб турибмиз. Бу улуғ кунларга тинчлик-хотиржамликда етказгани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Илоҳим, ҳамиша юртимиз тинч, элимиз фаровон бўлсин, ҳамма хайрли ниятларимиз амалга ошсин. Бу мажмуани Имом Бухорий бобомизга муносиб тарзда қуряпмиз. У зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Имом Бухорий мақбараси бутун ислом оламида эъзозли маскан. Кўп минг сонли зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан бу ерда янги мажмуа барпо этилмоқда.

Мажмуанинг умумий майдони 44 гектар. Бугунги кунда маҳобатли мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид қуриб битказилган. Баландлиги 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғворлик бағишлаган. Шунингдек, музей, айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилган. 

Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилади.

Бундан ташқари, ҳудудда икки минг ўринли йигирмадан ортиқ меҳмонхона, хиёбонлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилади.

Бу йил юртимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Шу ҳақдаги Президент қарорида калом илми султонининг Самарқанд шаҳридаги мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш белгиланган.

Ташриф чоғида Президентимизга ушбу лойиҳа тақдимот қилинди.

Қайд этилганидек, Мотуридий мажмуасида 1 минг 500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида автотураргоҳ ташкил этилади, зиёратчилар учун қўшимча қулайликлар яратилади. 

Имом Абу Мансур Мотуридий ислом оламида ихтилофлар авж олиб, ҳар хил фирқалар кўпайган пайтда яшаган, бутун ҳаётини исломий ақидани ҳимоя қилиш ва маърифатини ёйишга бағишлаган. У зотнинг мотуридийлик таълимоти, “Таъвилотул Қуръон”, “Китоб ат-Тавҳид” каби асарлари бағрикенглик ва мўътадиллик тамойиллари билан аҳли сунна вал-жамоанинг маънавий асосларига айланган.

Давлатимиз раҳбари бу тамойиллар бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб бораётганини таъкидлаб, аллома бобомизнинг меросини янада кенг ўрганиш ва жаҳонга тарғиб этиш, мажмуага келувчиларга шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Яна бир хайрли лойиҳа – Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга қаратилган. Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг, Самарқандда абадий қўним топган.

Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида мажмуа ҳудудида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилади, бугунги кун талабларига мос қўшимча қулайликлар яратилади.

Тақдимот чоғида Самарқанд заминидан етишиб чиққан бошқа олим ва мутафаккирлар, азиз авлиёларнинг қадамжолари ҳам босқичма-босқич таъмирланиб, обод қилиниши айтилди.

Сўнгги йилларда энг замонавий стандартларга мос инфратузилма яратилгани туфайли Самарқанд шаҳри халқаро миқёсдаги йирик тадбирлар – олий ва юқори даражадаги саммитлар, конференция ва конгрессларнинг анъанавий мезбонига айланди. 

2022 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Буюк ипак йўли” мажмуаси бунёд этилгани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиб, Самарқанднинг халқаро марказ сифатидаги салоҳиятини янада оширди.      

Шавкат Мирзиёев ушбу Халқаро туризм марказига ташриф буюриб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, яратилаётган шароитлар билан танишди. Мажмуада хорижий делегациялар ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, қулайликларни кенгайтиришга қаратилган муайян ишлар олиб борилмоқда, қатор янги объектлар қурилмоқда.

Жумладан, марказ ҳудудида умумий майдони 1150 квадрат метр бўлган йирик концерт зали барпо этилмоқда. 100 кишини қабул қила оладиган маданият маскани замонавий акустика ускуналари билан жиҳозланмоқда.

Президентимиз хорижий делегациялар, икки томонлама учрашувлар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ернинг ўзида Самарқанд вилояти ҳокими ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юзасидан давлатимиз раҳбарига ҳисобот берди.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилда Самарқандда йирик халқаро анжуманлар бўлиб ўтади. Бугунги кунда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ва Иқлим форуми, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари” саммити, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.   

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига ташрифи якунида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Марҳумларнинг яхшиликларини эслаш, қабристонларни ободонлаштириш халқимизнинг эзгу қадриятларидан. Ушбу мақбара ҳам Президентимиз бошчилигида қурдирилган, азиз зиёратгоҳга айлантирилган. Муборак Рамазон ойида бундай эзгу амаллар барча жойларда ёрқин намоён бўлмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech