14 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири Анн Линде билан учрашди. Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори мўътабар меҳмонга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш борасидаги ишлар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, гендер тенглик ва ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларидаги фаолият самаралари ҳақида тўхталди.
ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири А.Линде Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлганини қутлар экан, инсон ҳуқуқларига доир ташаббусларни илгари суриш борасида муваффақиятлар тилади. ЕХҲТнинг амалдаги раиси Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган гендер сиёсатини, бу сиёсатнинг айнан ижтимоий-сиёсий ҳаётда хотин-қизлар роли ва мавқеини оширишга қаратилганини ҳам юқори баҳолади.
Ўзаро мулоқот давомида ЕХҲТ билан ҳамкорлик ва икки томонлама ўзаро алоқаларнинг истиқболдаги имкониятларига эътибор қаратилди. Қўшма лойиҳалар, жумладан, институционал ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Меҳмонларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда нашрга тайёрлаган ва чоп эттирган янги китоблар тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.04.2021
- Кўришлар: 3309
- Чоп этиш