12 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қароргоҳи Женевада жойлашган Халқаро Қизил хоч қўмитасининг (ХҚХҚ) Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Мартин Шюпп билан учрашди.
Учрашувда, шунингдек, Халқаро Қизил хоч қўмитаси томонидан – қароргоҳи Женевада жойлашган ХҚХҚнинг Европа ва Марказий Осиёдаги амалий фаолият масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Никола Флёри, ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Жан-Жером Касабьянка, ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси минтақага ҳимоя тақдим этиш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Макс Фуррер ҳамда ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Марат Аминов иштирок этди.
Учрашувдан мақсад Марказ фаолияти билан танишиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, ХҚХҚ делегацияларининг Ўзбекистондаги пенитенциар муассасаларни бориб кўришини қайтадан йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида А.Саидов меҳмонларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифалари билан таништирди. Мамлакат қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаларида изчил амалга оширилаётган тадрижий ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва унга риоя этиш борасидаги сиёсатининг устувор тамойиллари ҳақида атрофлича ахборот берди.
Мартин Шюпп қабул учун миннатдорлик билдирар экан, ХҚХҚ Ўзбекистоннинг кейинги йилларда амалга ошираётган демократик янгиланишларни жорий этиш, фуқаролик жамияти қуриш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги шиддатли саъй-ҳаракатларини юксак баҳолашини таъкидлади.
Меҳмон, шунингдек, ХҚХҚ делегациялари томонидан Ўзбекистондаги пенитенциар муассасаларнинг бориб кўрилиши амалиётини яна тиклаш масаласига тўхталди.
Ўз навбатида, Марказ директори 2001 йилдан – 2013 йилга қадар бўлган даврда ХҚХҚ делегациялари томонидан Ўзбекистондаги пенитенциар муассасалар 240 мартадан зиёд марта бориб кўрилганига меҳмоннинг эътиборини қаратди.
Мартин Шюпп ҳозирги вақтда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, хусусан, Чегара қўшинлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа вазирлик ва ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқ соҳасида яқин ҳамкорлик ўрнатилаётганини алоҳида қайд этди.
Учрашув амалий руҳда ўтди. Мулқот якунида меҳмонларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган янги китоблар тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.09.2019
- Кўришлар: 5792
- Чоп этиш