Халқ қалбидан жой олган шоир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида ҳақиқатан ҳам бу буюк шоир ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва оғизбирчиликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшгани, шеър ва достонларида акс этган инсонпарварлик ғоялари халқ қалбидан чуқур жой олгани алоҳида таъкидланади.

Дарҳақиқат, ўзбеклар учун Навоий ва Бобур, озарбайжонлар учун Низомий ва Фузулий, тожиклар учун Рудакий ва Жомий, қозоқлар учун Абай ва Жамбул, қирғизлар учун Тўқтағул ва Тўғалоқ Мўлда, туркманлар учун Махтумқули ва Мулланафас қанчалар ардоқли бўлса, қорақалпоқлар учун Бердақ ва Ажиниёз шу қадар қадрлидир. Хивадаги машҳур Шерғозихон ва Қутлимурод иноқ мадрасаларида таҳсил олиб, ўша замон Хоразм адабий муҳитида карвонбошилик қилган Огаҳий ҳазратларидан дуо олиб, Комил Хоразмийдек тенгдош шоир билан дўстлашган, диний билимларни мукаммал эгаллагани учун охун мақомини эгаллаган шоир туркий халқлар лирикасига бебаҳо саҳифалар қўшди. Ажиниёз охун Қўсибой ўғлининг адабий мероси ЮНEСКО томонидан тан олингани, жаҳоннинг бир қанча тилларига таржима қилингани ҳам бежиз эмас.  

Буюк қорақалпоқ адабиёти нафақат бой, балки олис тарихга ҳам эгадир. Атоқли сўз заргари Сўппосли Сипира Жиров Ажиниёз ва Бердақдан беш юз аввал қуйидаги сатрларни битган эди:  

"Бий қошинда бийикман,  

Чўллаб юрган кийикман.  

Қуш бор жойда қанотман,  

Куч бор жойда қувватман".  

Махтумқули Фироғий билан бир даврда яшаган Жиян Жиров Тоғай ўғли эса:  

"Халқинг билан қўл ушлашиб  

Бормадингми? Ўлганинг –  

Муродингга етолмасдан  

Қизил гулдай сўлганинг…", деб ёзган эди. Ажиниёздан 25 ёш катта замондоши Кунхўжа Иброҳим ўғли халқнинг ночор аҳволи ҳақида:  

"Эгнимга тортмоққа йўқ бирор кийим,  

Оғайним ҳам йўқдир ё ғамхўр бийим", деганида тўла ҳақ эди. Ажиниёз ўз даврининг рўй-рост тасвирини «Бўзотов» номли достонида тугал чизиб беради. Унда очлик, ҳақсизлик гирдобида қолган, турли ҳудудларга тариқдек сочилиб кетган халқи ҳақида:  

"Отадан айрилди қалпоқли ўғлон,  

Сотилди, ҳур бошин айлади ғулом.  

Кимлар Ироқ кетди, кимлар кетди Шом,  

Кимсалар Курд, Теҳрон тушди, Бўзотов", деб ёзди. Машъум замон, золим тузум, умидсизлик, уруш ва талонлар шоир шеърларида ўз аксини топган:  

"Алиф қаддим долдек бўлиб букилди,  

Кўзларимдан қонли ёшим тўкилди.  

Йўл бўйига уйган асл юкимни  

Бозорга элтгудек карвон бўлмади", дейди Ажиниёз армон билан. Бу саҳрода яралган маҳзун симфониянинг бир бўлаги эди. Бу сатрлар унинг улуғ замондоши Бердақ Қарғабой ўғлининг қуйидаги мағзи тўқ мисраларига ҳамоҳанг эди:  

"Бировлар оч, бировлар тўқ,  

Тўқ одамнинг қайғуси йўқ,  

Оч одамнинг уйқуси йўқ,  

Ани тўқлар билган эмас".

Ажиниёз тенгсиз сўз заргари эди. Унинг қозоқ шоираси Қиз Менгеш билан айтишуви ўз замонасининг энг улуғлари томонидан эътироф этилган эди. Кунхўжа ва Бердақ каби Ажиниёз ҳам ўз асарларида одил ҳукмдор орзусини ифодалаган эди. Ажиниёз ўқиган Шерғозихон мадрасаси деворига унинг тўрт сатр шеъри ёзиб қўйилган. Хива шаҳрининг 2500 йиллиги тантаналарида мустақил мамлакатимизнинг биринчи раҳбари мазкур сатрларни эътибор билан ўқидилар. Биз ўша жойнинг ўзида тўртликни ўзбек тилига таржима қилдик:  

"Қашқалдоққа бир қатламча ёғ битса,  

Шовқин солиб қўнар кўлин танимас.  

Подшоҳнинг давлати қайтайин деса,  

Кўзини ёғ босиб, элин танимас".  

Инсон бахту саодати Ажиниёз лирикасининг негизини ташкил этади. Ўз сўзига содиқ ва собит шоир илғор жамият, комил инсон мақсади, соф инсоний муҳаббат, вафо мақсади билан яшайди. Ёр ва диёр ишқи Ажиниёз ижодининг қаймоғидир:  

"Лабларинг пистадек, тишинг маржондир,  

Кўрган ҳайрон, кўрмаганга армондир,  

Ҳар бир сўзинг дардли қулга дармондир,  

Хабар беринг, паризодим, йўл бўлсун".  

Шоирнинг «Керакдур», «Яхши», «Гўзаллар», «Бўзотовли нозанин» «Айрилса», «Йигитлар», «Бўлмагунча», «Ўтарсан» каби ўнлаб шеърларининг аксар қисми халқ қўшиқларига айланган. Улар халқ артистлари О.Шамуратова, С.Мамбетова, Б.Матчонов, Г.Сиримбетова ва бошқалар томонидан куйланган. Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони И.Юсупов «Ажиниёз» операсига либретто ёзди.  

Халқчил шоир таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан унинг асарлари қайта нашр этилиши, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб бадиий, илмий-оммабоп асарларни чоп этиш назарда тутилгани айни муддао бўлди. Чунки, шоир асарларининг шу кунгача қилинган таржималаридан бир қанчаси таҳрирга муҳтож. Масалан, ўтган асрнинг эллигинчи йиллари ўрталарида чоп этилган «Қорақалпоқ поэзияси антологияси»да шоирнинг «Миниб араби отлар» сатри «Миниб арава-отлар» шаклида кетиб қолган. Таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори Айитмурат Алниязов бундай қусурлардан жуда кўпини аниқлади. Янги нашрларни тайёрлашда ана шундай олимлар фикри ҳисобга олинса яхши бўларди.  

Қарорда «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильмини яратиш, Нукус шаҳрида шоир ижодига бағишланган «Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан» мавзусида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг танловини, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танловини ўтказиш белгилангани нур устига аъло нур бўлибди. Улуғ шоир ўз шеър ва достонлари билан яна қанча асрларга ва наслларга беминнат хизмат қилаверади.  

Янгибой Қўчқоров,  

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,  

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech