Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2020 йил 10 июнь куни “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мисолида БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини амалга оширишда парламентнинг роли” мавзуида халқаро парламент форуми видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтди. Бундай тадбир Ўзбекистон парламентаризми тарихида илк марта ташкил этилди.
Онлай-анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек дунё парламентларининг халқаро нуфузли ташкилоти — Парламентлараро иттифоқ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилди.
Анжуманда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон парламенти ролини ошириш мавзуси муҳокама қилинди. Унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Aкмал Саидов модераторлик қилди.
Халқаро парламент форумида Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари вакили Жанни Магазени, Ўзбекистон парламенти палаталари раҳбарлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар, депутатлар, Сенат аъзолари иштирок этди.
Таъкидланганидек, миллий парламентлар халқаро муносабатлар, фаровонликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳам миллий, ҳам халқаро даражаларда қонун устуворлигини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Тадбир парламент аъзолари учун амалий мулоқотнинг онлайн-майдонига айланди. Унда Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси намояндалари ҳамда Ўзбекистон парламенти палаталари раҳбарларининг маърузалари тингланди.
– Ўзбекистоннинг БМТ, Парламентлараро иттифоқ билан тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлиги эътиборга моликдир, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева. – Бугунги кунда мамлакатда суд ҳокимияти, сиёсий партиялар ва парламентнинг роли ўзгарганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ўзбекистон парламенти қонунчилик ишлари билан бир қаторда, ҳаётий муҳим масалаларни амалга ошириш бўйича мониторинг функцияларини кучайтирди. Шу билан бирга, Гендер тенглик масалалари бўйича комиссия, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия, шунингдек, парламент юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди.
Қолаверса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Бош прокуратура, ички ишлар, адлия ва ташқи ишлар вазирликларининг ҳисоботлари эшитилиши тизими йўлга қўйилган. Бинобарин, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили амалда ишлашини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун ҳам халқ билан мулоқот ва жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Зотан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсадимиздир, дея қайд этди Олий Мажлис Сенати Раиси.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов мамлакатда қонунчилик-ҳуқуқий база такомиллаштириб борилаётгани, Ўзбекистонда миллий парламент қадриятлари вужудга келгани, бу борада халқаро ва энг яхши хориж тажрибасидан фойдаланилаётганини таъкидлади. Бу эса давлатнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, парламент назоратини кучайтириш, фуқаролар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини фаол илгари сурмоқда. Бу фаолият халқаро мажбуриятларни бажариш ва уларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш, қабул қилинган қонунлар самарадорлигини мониторингдан ўтказиш, БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсиялари ижроси ва бошқа йўналишлар бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш йўли билан олиб бориляпти.
— Ўзбекистон парламенти халқаро парламент жамоатчилигининг тенг ҳуқуқли аъзосидир ва Парламентлараро иттифоқ ҳамда бошқа халқаро парламентлар форумларида фаол иштирок этяпти, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов. — Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг “Парламент ва инсон ҳуқуқлари принциплари”ни қабул қилиш, БМТнинг 75 йиллиги бўйича Декларацияга бугунги халқаро муносабатларда миллий парламентлар ва Парламентлараро иттифоқнинг роли тўғрисидаги қоидаларни киритиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Видеоконференцияда, шунингдек Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли ва механизмлари бўйича БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсияларини бажаришга доир ишлар истиқболлари борасида сўз юритилди.
Мулоқот якунида иштирокчилар Парламент форуми парламент аъзоларининг амалий мулоқотини давом эттириш, инсон ҳуқуқлари, барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик йўналишларидаги парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини эътироф этдилар.
Ушбу форум 30 июнь – Халқаро парламент кунига бағишланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.06.2020
- Кўришлар: 4189
- Чоп этиш