Хитойда коррупцияга қарши курашувчи амалдор порахўрлик сабаб 15 йилга қамалди
Хитойнинг Хубэй провинциясида суд Коммунистик партия (ХКП) Марказий қўмитасининг Интизом инспекцияси ва коррупцияга қарши кураш гуруҳининг собиқ раҳбари Ли Гангни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.
У жами 102 миллион юандан (14,4 миллион доллар) ортиқ пора олганликда айбдор деб топилди. Суд шунингдек, унга 6 миллион юан (тахминан 850 000 доллар) миқдорида жарима солди ва ноқонуний орттирган даромадларини мусодара қилишни буюрди.
Суд Ли Ганг 1998 йилдан 2024 йилгача ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилиб, турли бизнес рухсатномалари ва шартномалари, ер сотиб олиш, лавозимга кўтарилиш ва бошқа имтиёзлар эвазига пора олган деган хулосага келди. Бу даврда у турли лавозимларда, жумладан, Сичуан провинцияси губернаторининг ўринбосари ва Юннан провинцияси ҳукуматида ташкилий бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. Ҳибсга олинишидан олдинги сўнгги йилларда у ХКП Марказий қўмитаси ичида коррупцияга қарши курашни назорат қилган.
Жаноб Лига қарши тергов 2024 йилда бошланган. У шу йилнинг апрел ойида ҳибсга олинган.
Хитойда коррупционер амалдорларга кўпинча шартли равишда ўлим жазоси берилади. Нисбатан енгил жазо Ли Гангнинг пушаймонлиги, тергов билан ҳамкорлик қилиши, бошқа коррупция ишларини очишда ёрдам бериши ва ўғирланган маблағларнинг катта қисмини ҳукм чиқарилишидан олдин ихтиёрий равишда қайтариши билан изоҳланади.
Xabar.uz
Ўзбекча
English
Русский