Янги китоб: «Covid-19 ва инсон ҳуқуқлари»

10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «COVID-19 ва инсон ҳуқуқлари» номли мақолалар тўплами нашр этилди.

Тўпламдан 2020 йил июль ойида Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги тузилмалари ваколатхоналари ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги Лойиҳаларини мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда "Пандемия ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси" мавзусида ташкил этилган Миллий мулоқот материаллари жой олган.

Шунингдек, унда коронавирус тарқалиши муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазиятнинг шарҳига бағишланган мақолалар жамланган.

Бундан ташқари, китобда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан коронавирус эпидемиясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган.

Мақолаларнинг муайян қисми пандемия инқирози даврида мамлакатда аҳолининг энг ҳимоясиз тоифалари, хусусан, болалар, аёллар, муҳожирлар, маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари таҳлилига бағишланган.

Халқаро ҳамжамият томонидан бу соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу жараён билан боғлиқ муҳим тавсияларнинг самарадорлиги кенг талқин этилган.

Ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги мақолаларни ўзида қамраган салмоқли тўплам академик Акмал Саидов масъул муҳаррирлигида нашр этилган. Тўпламдан ўрин олган мақолалар халқаро илмий нашрлар рўйхатига киритилган илмий нашрларда чоп этиладиган мақолаларга тенглаштирилган.

Янги нашр инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланаётган мутахассислар ва пандемия шароитида ижтимоий ҳаётнинг ҳуқуқий жиҳатлари билан қизиқадиган китобхонлар доирасига мўлжалланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech