Юртимизнинг замонавий тарихида янги Ўзбекистон қурилишига замин яратган тарихий ҳодиса — Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига тайинланганига 4 йил тўлди.
2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 92-моддасига мувофиқ, Ш.М.Мирзиёев “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга” тантанали қасамёд қилди. Унга қадар мамлакатнинг Асосий қонуни нормаларига мувофиқ, 2016 йил 8 сентябрдан 4 декабргача Президент вазифасини бажарувчи, 5 декабрдан 14 декабргача эса Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти сифатида фаолият юритди.
Шу қисқа тарихий давр мобайнида мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”ни қуришга қаратилган улкан ислоҳотлар ва туб демократик ўзгаришлар амалга оширилди, халқимизнинг улуғвор қудратига таяниб Ўзбекистонда янги Уйғониш — Учинчи Ренессанс даври пойдевори яратилмоқда.
Албатта, биргина кичик мақолада мамлакатимиз тараққиётини мутлақо янги босқичга олиб чиққан, мамлакат жадал ривожининг динамикасини белгилаб бераётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барча жабҳаларини тўлиқ қамраб олиш мумкин эмас. Бу ҳақда замонавий Ўзбекистоннинг кўплаб олим ва тадқиқотчилари китоблар ва илмий асарлар ёзадилар, деб ўйлайман.
Шу ўринда Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакат раҳбарлигига келиши билан жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, янги Ўзбекистонни қуриш борасида бошлаган улкан ишларидан фақат айрим чизгиларни тилга олгинг келади.
Биринчидан, Ҳаракатлар стратегияси — янги Ўзбекистонни қуриш пойдеворидир. Авваламбор, жадал суръатларда ривожланаётган дунёда фақат замон билан ҳамнафас одимлаётган, жамият ва давлатни модернизация қилиш учун зарур ислоҳотларни амалга ошираётган давлатларгина рақобатбардош бўла олишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эса, ўз навбатида, янги Ўзбекистон учун янги сиёсат ва мамлакат тараққиёти учун узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқишни ҳаётий заруратга айлантирган эди.
Қисқа вақт ичида Ш.М.Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида туб ва жадал демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичи бошланишини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси — жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилди.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида сиёсий тизимни модернизация қилиш, чуқур маъмурий ислоҳотлар ўтказиш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай бизнес ва инвестицион муҳитни яратиш, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича тезкор ва тизимли, ўзаро алоқадор ва бир-бирига боғлиқ чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ҳаракатлар стратегияси асосида, хусусан, 30 дан ортиқ стратегия ва миллий дастур, 5 та кодекс, 250 га яқин қонун, Президентнинг 3200 дан зиёд фармон ва қарорлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, илмий-техник, суд-ҳуқуқ, гуманитар ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Иккинчидан, янги Ўзбекистон — бу халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қиладиган халқчил давлатдир. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Ўзбекистон Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Ушбу тузилмалар Конституция ва қонунларнинг инсон ҳуқуқларининг кафолатчиси сифатида Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Президенти лавозимига киришганидан кейин имзолаган дастлабки ҳужжатларидан бири доирасида яратилганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Унинг ташаббуси билан амалга оширилган биринчи давлат дастури ҳам “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” вазифаларини бажаришга бағишланган эди.
Юртбошимиз ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги нормалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда.
Энг муҳими, кенг кўламли ислоҳотлар халқ ҳаётини, дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилган ва “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги тамойил кундалик фаолиятнинг асосига айланди.
Учинчидан, янги Ўзбекистон кучли парламентаризм институти амалда бўлган ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили амалга оширилаётган давлатдир.
Мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар ролини ошириш, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламент ва жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиб, уларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда, энг муҳими, ушбу тузилмаларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли реал даромадларининг барқарор ўсиши, турмуш даражаси ва сифатини ошириш борасидаги масъулияти кучайтирилмоқда. “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” концепциялари бажарилмоқда.
“Қонуннинг ягона манбаи ва яратувчиси халқдир”, деган эзгу ғояни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонунлар инсонлар ва жамият ҳаётини яхшилашга хизмат қилишини таъминлаш, қонун ижодкорлиги сифатини тубдан ошириш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаштириш, қонуности ҳужжатлар сонини кескин камайтириш ва “ақлли тартибга солиш” моделини жорий этиш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
Тўртинчидан, янги Ўзбекистон — инсоннинг ҳар томонлама ривожланиши таъминланадиган ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугунги кунда илм-фан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакат тараққиётини замон талабларига мос келадиган илм-фансиз тасаввур этиш қийин.
Юртбошимизнинг давлат раҳбари сифатидаги илк учрашуви 2016 йил 30 декабрда айнан илм-фан вакиллари билан бўлганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам. Давлатимиз раҳбари илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, таълим тизимини, инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, илм-фан ривожини янги босқичга кўтаришга катта эътибор қаратди. Илм-фан ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг интеллектуал, илмий ва маърифий салоҳиятини ошириш, илм-фаннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ролини мустаҳкамлаш, олим ва ўқитувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш давлатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Бу борадаги ишлар изчил ва тизимли тарзда давом этмоқда. Мазкур соҳада “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Президентнинг 170 дан ортиқ ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, шунингдек узоқ муддатли (2030 йилгача) Илм-фан, олий таълим тизими, давлат ва мактабгача таълим тизимларини ривожлантириш бўйича концепциялар тасдиқланди ва амалга оширилмоқда. Муҳим мақсад – Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб “Глобал инновацион индекс” рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришини таъминлашга хизмат қилувчи, инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган стратегик режа қабул қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда юздан ортиқ академик ва соҳавий илмий муассаса, жумладан, 65 та илмий-тадқиқот институти фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида ҳам илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Олий таълим соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий ўқув юртлари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш асосида олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоиздан зиёдга ошириш вазифаси қўйилган. Бугунги кунда республикада 114 та олий ўқув муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 93 таси маҳаллий, 21 таси хорижий олий ўқув муассасаси ва уларнинг филиалларидир. Хусусан, сўнгги 3 йил ичида 6 та олий ўқув муассасаси ва 17 та филиал, шунингдек хорижий олий ўқув муассасаларининг 14 та филиали ташкил этилди.
Бешинчидан, янги Ўзбекистон — бу давлат фаолияти, аввало, халқ тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга, жамиятда адолат ғоялари ва тамойилларининг тантана қилишига қаратилган мамлакатдир.
Биргина мисол келтирсак. Дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини чуқур ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни дунёда етакчи ўринларга олиб чиқиш, мамлакатимизда замонавий жиҳозлар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланган юқори технологик ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг илмий, услубий ва таълим бериш салоҳиятини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида замонавий тиббий асбоб-ускуналар, диагностика воситалари ва усулларидан кенг фойдаланиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш бўйича амалга оширган қадамлари ва ташаббуслари қанчалик ўз вақтида қўйилгани ҳамда ҳаётий эканини кўрсатди.
Пандемия миллий соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий синов ва катта тажриба мактабига айланди. Мамлакатда бу хавфли касалликка қарши курашиш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари фойдаланишга топширилди. Кўплаб қўшимча тиббий асбоб-ускуналар ва тез ёрдам машиналари харид қилинди.
Илғор хорижий амалиёт ва миллий тажрибани ҳисобга олган ҳолда даволаш усуллари такомиллаштирилмоқда. Коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар ишини муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу ишлар натижасида минглаб беморлар соғайиб, оилаларига қайтмоқда.
Ҳар биримиз давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқдамиз. Пандемия даврида нафақат аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, балки ишини йўқотган фуқароларга ва тадбиркорларга ёрдам беришга ҳам биринчи даражали аҳамият қаратилмоқда.
Маблағлари соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий инфратузилма, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 34 триллион сўм миқдорида имтиёзлар берилиб, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам миқдори ва аҳоли бандлиги даражасини ошириш учун қўшимча равишда 2,6 триллион сўм ажратилди.
Конституциявий адолат тамойилини амалда таъминлаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги самарали механизмлари жорий этиляпти. 590 мингдан зиёд оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қарийб 300 минг оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлиги таъминланди. Энг муҳими, одамларда ўз-ўзини иш билан таъминлаш, ишбилармонлик қобилияти ва тадбиркорлик орқали камбағалликдан чиқиш борасидаги тажрибаси ва кўникмалари шаклланмоқда.
Олтинчидан, янги Ўзбекистон — ўз халқаро мажбуриятларига содиқ давлат, ишончли ташқи иқтисодий шерикдир. Янгиланаётган Ўзбекистон тадбиркор ва сармоядорлар учун иқтисодий очиқлиги ва жозибадорлиги билан тавсифланади. Устувор йўналиши Марказий Осиё бўлган давлатимиз ташқи сиёсати унинг қўшнилар билан самарали алоқаларини йўлга қўйишига, Афғонистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга, минтақавий ва жаҳон давлатлари, халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашига ёрдам бермоқда. Турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи яхшиланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда.
Кўплаб халқаро ташкилотлар ва етакчи хорижий экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақадаги тараққиёт “локомотиви” ҳисобланади. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби тизимли ва шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.
Мамлакатимизда “меъмори” Шавкат Мирзиёев ҳисобланадиган янги Ўзбекистонни қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга доир яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳонда нуфузи ўсиб бораётгани — бу нафақат давлатнинг ҳар томонлама пухта ўйланган, қатъий ва мустақил ташқи сиёсати натижасидир, балки мамлакатда демократик ва бозор ислоҳотларини амалга оширишда эришилаётган ютуқларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ҳамдир.
Янги Ўзбекистон раҳбари — ўз йўлидан мустақил бориш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилаётган замонамизнинг саноқли сиёсатчиларидан биридир. Ушбу ёндашувнинг моҳияти эса:
биринчидан, жамиятнинг ўзига хос тарихий шарт-шароитларини, унинг этник, диний ва маданий ўзига хосликларини инобатга олиш;
иккинчидан, иқтисодий ривожланиш ва тараққиёт ҳамда анъанавий ахлоқий ва маданий қадриятлар уйғунлигини таъминлаш;
учинчидан, соғлом фикрларни тажрибада ўзини оқламаган турли қуруқ назариялардан устун қўйиш;
тўртинчидан, ўта мафкуралашган концепциялар, тушунчалар устидан ватанпарварлик, прагматизм ва ижодий амалиётнинг устунлигида намоён бўлади.
Янги Ўзбекистонда бундай ёндашув ҳаётга татбиқ этилишининг амалий натижалари изоҳ талаб этмайди. Энг асосийси – зукко ўқувчи буни осонгина кўради, яъни ўз халқи ва мамлакатига садоқат, соғлом фикр, юксак ахлоқ, теран фикрловчи давлат арбоби, ўз стратегик йўналиши тўғрилигига ишончи комил сиёсатчининг амалий заковати ва темир иродасини англаб олади.
Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ишлар мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор бўлади, миллий тараққиётимизнинг янги даври, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” миллий ғоясини амалга оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бугун биз ушбу ғоялар атрофида халқимиз, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес уюшмаларнинг бирлашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга эришиш гаровидир.
Акмал САИДОВ,
академик
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 15 декабрь)
- Қўшилди: 15.12.2020
- Кўришлар: 4497
- Чоп этиш