"Ҳамма халқлар учун ёзилган Конституция ҳеч бир халққа мос келмайди" деб ёзган экан XVIII-XIX асрларда яшаб ўтган француз сиёсатчиси, файласуф Жозеф де Местр. Ушбу фикр қайсидир маънода ҳар бир миллатнинг ўзига хос тарихи, маданияти ҳамда қадриятлари борлигини ва у ўз келажагини ана шу миллий ўзликдан келиб чиқиб қуришга ҳақли эканини тасдиқлайди. Дунёда турли мураккаб геосиёсий жараёнлар кечаётган бир пайтда биз ҳам 2023 йилда Конституциямизга янги мазмун бағишлаб, замон талабларига жавоб берадиган ҳужжат яратдик.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги арафасида Асосий қонунимиз аҳамияти ҳақида фикр юритиш айниқса муҳим. Зеро, Конституция фақатгина юридик ҳужжат эмас, балки халқимизнинг умумий мақсадларини белгилаб, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган пойдевор ҳамдир.
Янги Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганига эндигина бир ярим йилдан ошди. Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан мулоқотида янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш бўйича 30 апрелда бўлиб ўтган референдум якунлари ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деган эди: “Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”!
Ушбу йиғилишда мен ҳам иштирок этган эдим. Шавкат Миромоновичнинг қатъий айтган ушбу сўзлари кўплар қатори мени ҳам ҳаяжонга солди. Зеро, бу сўзлар замирида келажакка, халқимизга, унинг чексиз бунёдкорлик салоҳиятига қатъий ишонч мужассам эди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз Янги Ўзбекистон пойдеворини мустаҳкамлайдиган қонунлар ва институтлар тизимини янада такомиллаштириб, дунёда муносиб ўрин эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Бу жараён янги Конституциямизда ўз ифодасини топди. Унда нафақат мамлакатнинг уч минг йиллик тарихи ва маданияти, балки замонавий дунё конституционализми асослари ҳам тўлиқ акс этди. Янги Конституцияга мувофиқ ва халқаро меъёрлар асосида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари мутлақ устуворликка эга бўлди. Фуқароларнинг барча зарур ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда уларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Албатта, амалдаги Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш референдумсиз ҳам Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси учдан икки қисми овози билан амалга оширилиши мумкин эди. Бироқ, Президент миллий референдум ўтказиш таклифини илгари сурди. Мамлакат аҳолисининг ушбу жараёнга кенг жалб этилиши давлатимиз раҳбарининг юртимиз фуқароларига, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва истакларига алоҳида эътибор билан қарашини яна бир бор исботлади. Миллатимиз лидери айнан халқ билан мулоқотда улкан ва туб ислоҳотларни, жумладан, Конституцияга доир ўзгартишларни амалга оширишда куч ва жасорат берадиган қувват ва илҳом манбаини топди.
"Қонун кучли, аммо эҳтиёж ундан ҳам кучлироқ", деган эди Иоганн Вольфганг Гёте. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, янги таҳрирдаги Конституциянинг яратилиш тарихи мамлакатимиз учун муҳим воқеликка айланди, унинг ҳар бир моддаси халқ хоҳиш-иродасини ифода этди ва бу ўзгаришлар юртимизда кенг кўламли ислоҳотларга йўл очадиган чинакам инсонпарвар сиёсатнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш эҳтиёжидан келиб чиқди, десам, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Конституция муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз иштирок этди, 222 715 та таклиф киритилди. Конституция лойиҳасидаги моддалар сони 128 тадан 155 тагача оширилди, нормалар эса 275 тадан 434 тага етказилди. Бу жараёнда 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдум ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Сайловчиларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирни қўллаб-қувватлади.
Шу ўринда Конституциянинг адолатли ва барқарор жамият қуришдаги аҳамияти қандай деган ҳақли савол туғилади. Бу саволга жавоб бериш осон эмас. Чунки мукаммал жамиятни, “Фозил одамлар шаҳри”ни орзу қилиш – иррационал утопия маҳсулидир. Ваҳоланки, дунёда мукаммал жамиятнинг ўзи йўқ. Аммо инсониятнинг энг қадимий эҳтиёжларидан бири бўлган адолатли, барчага тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб берадиган, шу билан бирга, тенг мажбуриятлар юклайдиган жамият қуришнинг имкони ҳам, зарурати ҳам бор. Конституция мана шу адолатни кафолатлайди ва таъминлайди. Бунинг учун жамиятнинг ўзи ҳам ўзгаришларга тайёр бўлиши, уни исташи ва қонунларнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини аслича қабул қилиши керак. Агар жамиятнинг ўзи ўзгаришни истамаса, ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг халқимиз руҳияти, онгу тафаккури замон билан ҳамнафас ўзгариши кераклигини, бу эса, шак-шубҳасиз, халқимиз ҳаётини яхшилашга хизмат қилишини бот-бот такрорлашида ҳам айни шу ҳақиқатнинг инъикосини кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, бугун замон ўзгаряпти. Башарият келажагига таҳдидлар кучайган, турли минтақаларда уруш ва ўзаро нафрат уруғи аланга олган, нафақат тамаддунлар, ғоялар, балки халқлар, элатлар, уруғлар ўртасида адоват бўй чўзган бир замонда яшаяпмиз. Кўз ўнгимизда дунёнинг геосиёсий харитаси қайта бичиляпти, биз яқин юз йилда кўниккан сиёсат, фалсафа, турли қонунияту дунёқарашлар пойдеворига дарз кетяпти.
Мен буларни нима учун тилга оляпман? Чунки Конституция давлатни давлат, халқни халқ, миллатни миллат қиладиган, замоннинг таҳдидларига қарши бирлаштирадиган, тараққиёт сари етаклайдиган, яратувчанликка илҳомлантирадиган қадриятларимиздан биридир. Зеро, Конституциямиз қуруқ орзу-ниятлар йиғиндиси, қоғоздан реал ҳаётга кўчмаган утопик қараш эмас, балки ватандошларимизнинг Ватанга муҳаббати, ҳаётбахш ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси, ўз тақдири, келажагига муносабатини ҳам ислоҳ этаётган қудратини барчамиз бугунги ҳаётимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз.
Ҳаётимизда рўй бераётган туб ўзгаришлар асносида яна бир ҳақиқатни тан олиш керак. Тарихни шахслар яратади. Шахслар давлатнинг, халқнинг у ёки бу бурилиш нуқтасида катта саҳнага чиқади, унинг тараққиёти учун ўзида инқилобий қарорлар қабул қилишга шижоат ва жасорат топа олади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз тарихини янги – нурли ўзанга бура олган ана шундай буюк шахс сифатида намоён бўлди.
Яқин тарихимизни ҳали ҳеч ким унутган эмас. Бир эсланг, қай аҳволда эдик? Ташқи ва ички сиёсатимиз, иқтисодиётимиз, маънавиятимиз, ижтимоий ҳаётимизда йиғилиб қолган муаммолар зудлик билан ҳал этилиши керак эди. Президент Шавкат Мирзиёев ана шундай оғир бир вазиятда иқтидорга келди. У кишининг халқпарвар, узоқни кўзлаган сиёсати, оддий одамлар дарду ташвиши билан яшаши, ғайрат-шижоати ўша давр қолипларига сиғмаётганини биз – унинг атрофидагилар сезиб турар, унинг илғор тафаккури ортидан қолмасликка ҳаракат қилар эдик. Шавкат Миромонович Ўзбекистон Конституциясини янгилаш – давр талаби эканини такрорлар экан, жамиятга, халқимизга Янги Ўзбекистон ғоясини сингдирдира олди, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросида кўз ўнгимизда рўй бераётган оламшумул ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини уйғотди. Бугунги бунёдкорлик, ҳам зоҳирий, ҳам ботиний ўзгаришлар, янгича тафаккур, янгича аъмоллар... “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг фаолиятимиз асосига айлангани халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, булар мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс даври”ни бошлаб берди, халқимиз қонида мудраб ётган бунёдкорлик, тадбиркорлик, илму маърифатга бўлган интилишни уйғотди. Ҳақиқатан ҳам, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.
Янги Ўзбекистоннинг “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи...” дея бошланадиган янги Конституцияси эса мазкур ислоҳотлар ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади.
Баъзан ўйлаб қоламан, нега Янги Ўзбекистон? Унинг мазмун-моҳияти нимада? Ахир, янги ибораси жадид сўзи билан ҳамоҳанг-ку! Миллати саводли, ўқимишли, юксак орзу-ниятли, заминимизни дунёнинг илғор мамлакатлари қаторида кўришни истаган боболаримиз орзусидаги давлат барпо этиш ғояси узоқ ўтмиш қаъридан бугунимизга кўчмадимикин? Агар шундай бўлса, давлатимиз раҳбари атрофида жипслашганлар, Ўзбекистонни дунёда тенглар ичра тенг қилишга жидду-жаҳд қилганларни ҳам жадидлар дея оламизми? Шубҳасиз, шундай! Зеро, шитоб билан ўзгараётган дунёда ўзлигимизни, кимлигимизни топишга, илму ирфонни ривожлантиришга, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган иллату камчиликларимиздан қутилишга интилаётганимиз, юксак марраларни кўзлаётганимиз жадид боболаримиз орзу қилган маъво эди.
Қолаверса, мана шу орзу-ниятларга етишиш учун нафақат мустаҳкам ҳуқуқий, балки фалсафий ва маънавий асос керак эдики, бу янги таҳрирдаги Конституция тимсолида намоён бўлди. Халқимиз учун бу Конституция қандайдир абстракт тушунча эмас. Конституция — қонун, тўғри. У қайсидир маънода моддий ҳам эмас. Бироқ Конституцияда мустаҳкамланган қоидалардан келиб чиқадиган оқибатларни биз бугун ўз кўзимиз билан кўряпмиз, ҳис қиляпмиз.
Шу ўринда яна адолат ва эҳтиёж ҳақидаги фикрни такрорлашга тўғри келади. Одамлар яхши яшашни, ўз меҳнатига яраша маош олишни, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланишини, қариганда муносиб пенсия билан таъминланишни истайдилар. Адолат одамларда келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Шу боис Янги Конституцияда адолат жамият ва давлат муносабатларининг марказий ғояси сифатида белгиланди, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатланди, "давлат – жамият – шахс" парадигмаси "инсон – жамият – давлат" тамойилига ўзгарди.
Конституцияда инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор сезиларли даражада ошди. Дунё мамлакатлари қонунларида белгиланган 110 дан ортиқ ҳуқуқдан 90 таси янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланди. Экологик масалаларга алоҳида аҳамият берилиб, табиатни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда Оролбўйи минтақасини тиклаш бўйича давлат мажбуриятлари мустаҳкамланди.
Ўзбекистоннинг бой тарихи, аждодларимиз мероси ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро стандартлар Конституциянинг маънавий асосларини бойитди. Халқимизнинг қадриятлари, жумладан, бағрикенглик ва адолат каби фазилатлар Асосий қонунимиз руҳиятига сингдирилди.
Шу билан бирга, Конституция янги ташқи сиёсий йўналишларимизни ҳам акс эттирди. Янги Ўзбекистон дунё мамлакатлари билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, глобал иқтисодиётда фаол иштирок этиш ҳамда барқарор ривожланишга эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Таълим соҳасида адолатли қоидалар жорий этилди. Мактабгача таълимдан бошлаб, умумий ўрта таълимгача бўлган босқичлар бепул қилинди. Барча болалар учун тенг имконият яратишни назарда тутувчи инклюзив таълим таъминланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат тиббий ёрдамни кафолатлаган ҳолда, рақамли технологияларни жорий қилиш, эпидемияларга қарши чора-тадбирларни кучайтиришга катта эътибор қаратилди. Бу нафақат тиббий хизматлар сифатини ошириш, балки уларни барча учун бирдек қўллашни назарда тутади.
Конституцияда меҳнат соҳасида адолатли иш ҳақи, гендер тенглик ва иш жойида камситишларга йўл қўймаслик мустаҳкамлаб қўйилди. Бу, айниқса, аёллар ва ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ҳомиладорлик ёки болали бўлгани боис аёлларни ишга қабул қилишдан бош тортиш ёки уларнинг маошини камайтиришга йўл қўйилмайди.
Конституцияда ижтимоий давлат тамойили жорий этилди. Бу давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш, қашшоқликни камайтириш ва тенгликни таъминлаш йўлида фаол ҳаракат қилади, деганидир.
Шу билан бирга, Конституция ёшлар учун таълим, тадбиркорлик ва ижтимоий фаоллик соҳаларида янги имкониятлар эшигини очиб беради. Асосий қонунда оилавий кафолатлар, уй-жой ҳуқуқи ва ижтимоий ҳимоя масалалари ҳам акс эттирилди.
Конституциянинг аҳамияти фақат қонунчилик билан чекланмайди. У жамиятнинг маънавий, маданий ва фалсафий тамойилларини ҳам белгилайди. Энди янги Ўзбекистон Конституцияга мувофиқ қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга:
Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгиланди. Эҳтиёжманд шахслар учун кучли ижтимоий ҳимоя ва ғамхўрлик давлат сиёсати йўналишининг муҳим қисмига айланди. Ўзбекистон ҳуқуқий давлат сифатида таърифланди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари конституциявий даражада кафолатланди.
Таълим олиш ҳуқуқи кенгайтирилди. Ўқитувчиларга конституциявий мақом берилди, фуқароларнинг давлат гранти ҳисобидан олий таълим олиш ҳуқуқи кафолатланди. Оилани тўлиқ ривожлантириш учун давлат ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишни конституциявий даражада мустаҳкамлади.
Ҳеч қандай камситишларсиз ва энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган адолатли меҳнат ҳақи олиш ҳуқуқи кафолатланди. Ўлим жазоси конституциявий даражада тақиқланди. Давлат ҳам инсонни ҳаётидан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги таъкидланди.
Ўзбекистон ҳудудида қонуний равишда бўлган ҳар бир шахс учун мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, истиқомат жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамланди.
Давлат фуқароларнинг Интернет тармоғидан фойдаланиши учун зарур шароитларни яратиши кафолатланди. Ёшлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, жамият ва давлат ҳаётида уларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланди. Миллий рақобатбардош иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш конституциявий кафолатга эга бўлди.
Давлат бошқарувининг самарали, яхлит ва халқпарвар тизимини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш орқали аҳолининг фаровонлиги ва давлатнинг барқарор ривожланиши таъминланади.
Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Адвокатларнинг фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш учун Конституцияга адвокатура институтига бағишланган алоҳида бўлим киритилди.
ОАВ ва журналистларнинг фаолиятини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятини рағбатлантириш учун конституциявий кафолатлар таъминланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти кафолатларини белгилашга бағишланган фуқаролик жамияти институтлари ҳақидаги алоҳида бўлим Конституцияга киритилди.
Ижтимоий йўналтирилган янгиланган Конституциядан келиб чиқадиган мақсад ва вазифаларни бажариш аҳолини қўллаб-қувватлаш дастурларини кенгайтиришни ва бюджетдан катта маблағ ажратишни талаб қилади. Бу эса нафақат иқтисодиёт тармоқларининг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, балки иқтисодий туб ўзгаришларни амалга ошириш заруратини юзага келтиради.
Янги Ўзбекистон ривожланиш стратегиясида 2030 йилга келиб одам бошига ЯИМни 1,6 бараварга, даромадларни эса 4 минг доллардан ошириш ва "ўрта даромаддан юқори мамлакатлар" қаторидан жой олиш мақсадлари белгиланган. Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 6 фоизга ўсиб, ЯИМ салкам 90,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2468 долларга ўсди.
Экспорт ўсиш суръатларини ва Конституцияда белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда, 2026 йилга келиб Ўзбекистон экспортини 40 миллиард долларга, 2030 йилга келиб эса 80 миллиард долларга етказиш мумкин. Бу ижтимоий эҳтиёжлар учун бюджетга маблағ оқимини сезиларли оширишга, иш ўринлари яратишга ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон экспорт структурасидаги улушини оширишга ёрдам беради.
Шубҳасиз, бу мураккаб вазифа, аммо буни амалга ошириш учун мамлакатимиз ҳамда халқимизда етарлича имконият ҳам, салоҳият ҳам бор. Стратегиянинг бошқа мақсадли кўрсаткичларини янгилаш республикага иқтисодиётда туб ўзгаришларни амалга ошириш ва янгиланган Конституция асосида ривожланишнинг янги тарихий босқичига қадам қўйиш имконини беради.
Янги Ўзбекистон Конституцияси – шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки халқимизнинг азалий қадриятлари, орзу-умидлари ва буюк келажакка ишончининг ёрқин тимсолидир. У инсон ҳуқуқлари, миллий бирлик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда ҳал қилувчи аҳамият касб этиб, жамият барқарорлиги ва фаровонлигининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг халқпарвар сиёсати жамиятда чуқур уйғониш, янги тафаккур ва улкан ислоҳотларга илҳом бағишламоқда. Бугунги кун – нафақат имтиҳон, балки халқимиз учун янги имкониятлар эшигини очувчи даврдир. Конституция асосида шаклланган адолатли қонунлар, юксак маданият ва барқарор тараққиёт йўлидаги биргаликдаги қадамларимиз, шубҳасиз, биз орзу қилаётган фаровон келажакни барпо этишнинг асосий гарови бўлади.
Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати Раиси
ЎзА
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 398
- Чоп этиш