Жорий йил 29 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун нима мақсадда қабул қилинди? Қонунда нималар назарда тутилган?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров шу каби саволларга жавоб берди:
– Аҳоли манфаатлари, хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўрганиш ишларини олиб бориш қўмитамизнинг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўрганишларимиздан бирида пиротехника воситалари билан боғлиқ ҳолат таҳлил қилинди. Хусусан, 2021 - 2023 йилларда мамлакатимиз ҳудудига 300 мингдан ортиқ (қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик) пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари аниқланди.
Ушбу давр мобайнида ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар ва рейдлар давомида 42 миллиондан ортиқ пиротехника буюмлари олиб қўйилган.
Сир эмаски, пиротехника воситалари ишлатилганда инсон саломатлигига хавф туғдиради. Яъни, пиротехника портлашидан чиқадиган қаттиқ шовқин катта ёшли кишиларнинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатса, болаларнинг жароҳат олишига сабаб бўлади.
Ўрганишдан кейин пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш, бундай воситалардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга эҳтиёж борлиги маълум бўлди.
Тўғри, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф равишдаги муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган.
Лекин шундай бўлса-да, мазкур модданинг диспозициясида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласини ташкил этувчи ижтимоий хавфли қилмиш учун бир хил жавобгарлик белгиланган. Яъни, пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланиш, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган жойларда сақлаш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёхуд Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш ёхуд ўтказиш учун бир хил жарима белгиланган.
Ҳолбуки, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари турлича. Шунинг учун ҳам кўрилаётган чоралар кутилган натижаларни бермаган.
Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, кодекснинг Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи деб номланувчи 185-1-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарлик белгилари амалдагисидан фарқли равишда алоҳида қисмларга ажратилди.
Эндиликда ҳар бир қилмиш учун алоҳида санкциялар белгиланди. Яъни, мазкур модданинг биринчи қисмида пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун, иккинчи қисмида уларни ноқонуний ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик, олиб чиққанлик учун, учинчи қисмида эса пиротехника буюмларини ўтказганлик ва мамлакат ҳудудига олиб кирганлик учун жавобгарлик алоҳида ажратилди ва кучайтирилди.
Бундан ташқари, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида ички ишлар органлари томонидан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳолатларни аниқлаш, уларни олиб қўйиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш вазифалари юклангани боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ваколати Миллий гвардия бўлинмалари билан бир қаторда, ички ишлар органларига ҳам берилди.
Бир сўз билан айтганда, қонун билан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун профилактик таъсир чоралари кучайтирилди. Бундай ҳолатларга қарши курашиш тизими эса янада мустаҳкамланди. Бу эса аҳолининг хавфсизлигига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 16.09.2024
- Кўришлар: 837
- Чоп этиш