Янги Қонун ва инсон ҳуқуқлари

2020 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Қонун билан 8 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Божхона кодекси ва Солиқ кодекси шулар жумласидандир.

Оила кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади. Бунда, агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

 “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун янги банд билан тўлдирилди. Унга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Шу билан бирга, мазкур Қонун билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан ҳимоя ордери таъсис этилган эди. Лекин ушбу ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажармаганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик масаласи очиқ қолган.

Шу боис тазйиқ ўтказишга ва (ёки) зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу эса ана шу чекловларнинг бажарилишини яна бир бор кафолатлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг “Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш” учун жавобгарлик белгиловчи модданинг тегишли қисми янги таҳрирда баён этилди. Бунда жабрланувчи тараф нафақат ёш боланинг онаси, балки парвариш қилаётган унга яқин бошқа шахс ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.

Халқаро шартномаларда бошқача шартлар келишилмаган бўлса, хорижий ташувчиларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида юк ва йўловчиларни республикамиз ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш (каботаж) тақиқланган. Шу сабабли Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланган янги модда билан тўлдирилди.

Давлат экология қўмитаси инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг кўрсатмаларини бажармаслик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг кўплаб учраётганлигини ҳисобга олиб, жавобгарликни кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли янги модда киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан миллий қонунчилик инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада кенг таъминлашга қаратилган янги нормалар билан бойитилди.

Энг муҳими, қонунчилигимиздаги ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, ўз навбатида, давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech