Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси - жамоатчилик муҳокамасида

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ушбу қонун ҳужжати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси 2 қисм, 70 та боб ва 1 минг 178 та моддадан иборат.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маълумотларига қараганда, Лойиҳани ишлаб чиқишда ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганишга катта аҳамият берилган.

Шу мақсадда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) кўмаги билан Германия, Франция, Польша, Россия, Покистон давлатларидан 20 нафардан ортиқ эксперт маслаҳатчилар хизматидан фойдаланилган.

Бундан ташқари, 12 нафар миллий эксперт бевосита Франция, Польша, Россия давлатларига бориб ўрганишлар ўтказган.

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасига:

  • инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда мулкий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш;
  • фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш учун ҳуқуқий база яратиш;
  • ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шароитларни юзага келтириш;
  • шартномавий муносабатларни эркинлаштириш ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш соҳалари бўйича кўплаб янги нормалар киритилган.

Фуқаролик кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Жамоатчилик муҳокамаси натижасида келиб тушган таклифлар асосида Кодекс лойиҳаси янада такомиллаштирилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech