Тошкент ва Самарқанд глобал "Яшил шаҳарлар" тармоғига қўшилди. Бу қадам шаҳарларимизни иқлим ўзгаришларига чидамли, соғлом ва кўкаламзор маконга айлантириб, янги имкониятлар эшигини очади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда яшил майдонларни кенгайтириш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ва иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди. Бу билан Тошкент ва Самарқанд янада яшил, соғлом, барқарор ва инклюзив шаҳар муҳитини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик қилаётган умумбашарий шаҳарлар сафидан жой олди.

Ушбу тармоқ комплекс шаҳар кўкаламзорлаштириш ёндашувлари орқали барқарор шаҳар ривожланишини илгари суради ҳамда аъзо шаҳарлар ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. FAOнинг Яшил шаҳарлар ташаббуси (Green Cities Initiative – GCI) 2020 йилда бошланган. Ташаббуснинг асосий мақсади – 2030 йилга қадар 1000 та шаҳарда халқаро мезонларга таянган ҳолда барқарор экологик инфратузилмани шакллантириш, шаҳарларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш, уларни экологик тоза ва инсон саломатлигига мос ривожлантиришдан иборат.
Яшил шаҳарлар ташаббуси (GCI) учта ўзаро боғлиқ мақсадли йўналишни қамраб олади:
-
"Шаҳар ва шаҳар атрофи ўрмон хўжалиги". - Бу йўналишда шаҳарларда дарахтлар ва яшил инфратузилмани стратегик режалаштириш ҳамда бошқариш тадбирлари амалга оширилади. Натижада шаҳар микроиқлими тартибга солиниб, ҳаво ва сув тозалиги яхшиланади.
-
"Шаҳар ва шаҳар атрофи қишлоқ хўжалиги". - Бунда озиқ-овқат маҳсулотларини шаҳарларга яқин ҳудудларда етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва маҳаллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш мақсад қилинади.
-
"Барқарор агроиқтисодиёт". - Ушбу йўналиш биологик ресурсларни қайта тикланадиган тарзда ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, чиқиндиларни минималлаштириш ҳамда яшил иш ўринларини яратиш имконини беради.
FAOнинг Яшил шаҳарлар тармоғига аъзолик Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига қатор муҳим имкониятларни тақдим этади. Жумладан, техник кўмак олиш, салоҳиятни ривожлантириш, билим ва тажриба алмашиш, шаҳарлараро ҳамкорлик платформаларида фаол иштирок этиш, глобал экологик кун тартибларига мувофиқликни таъминлаш бўйича кўмак олиш шулар жумласидандир. Шунингдек, бу аъзолик шериклик алоқаларини ривожлантириш, ресурсларни сафарбар этиш, сармояларни жалб қилиш ва етакчи шаҳарлар сифатида халқаро даражада барқарор шаҳар ечимларини илгари суришга хизмат қилади. Мазкур ташаббус шаҳарларимиз учун яшил ҳудудларни тўлиқ рақамли инвентаризация қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини илғор халқаро методология асосида бошқариш, иссиқлик таъсирини сезиларли камайтириш ҳамда нуфузли халқаро рейтинглардаги ўринни яхшилаш каби бир қатор муҳим ва стратегик натижаларга эришишга замин яратади.
Тармоқ доирасидаги ҳамкорлик FAO Яшил шаҳарлар коммюникеси ҳамда FAOнинг Яшил шаҳар тамойиллари ва мезонларига асосланади. Яшил шаҳарлар коммюникеси 2025 йилда бўлиб ўтган Биринчи халқаро Яшил шаҳарлар конференциясида тақдим этилган бўлиб, яшил шаҳарлар глобал ҳаракатини ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва жамоавий мажбуриятларни ифодалайди. FAOнинг Яшил шаҳар тамойиллари ва мезонлари эса Яшил шаҳарлар ташаббусининг концептуал асослари ва йўналтирувчи тамойилларини белгилайди.
Яқин кунларда FAOнинг Яшил шаҳарлар ташаббуси котибияти дастлабки ўзини ўзи баҳолаш жараёни бўйича қўшимча йўриқномаларни тақдим этади. Ушбу жараён шаҳарларнинг устувор йўналишларини аниқлаш ва уларнинг эҳтиёжларига мос техник кўмакни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА
