Янги тадқиқот натижаларига кўра, кучли El Nino ҳодисаси Перм давридаги мавжудотларнинг қирилиб кетишида ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Бристол университети ва Хитой геология фанлари университети олимлари El Nino мега ҳодисаси бундан тахминан 252 миллион йил олдин Ерда энг йирик оммавий қирилишга сабаб бўлганини аниқлади. Тадқиқотчилар қадимги изотопларни ўрганиб, иқлим моделларидан фойдаланган ҳолда иқлим ўзгаришларининг оқибатларини қайта тиклади.
Ер тарихидаги энг йирик фалокатлардан бири ҳисобланган Перм даври қирилиши денгиз турларининг қарийб 95 фоизини, қуруқликдаги турларнинг 70 фоизини йўқ қилиб юборган. Тадқиқотчилар бу ҳодисани кенг кўламли вулқон отилишлари билан боғлаб келган, аммо янги тадқиқот натижаларига кўра, ҳалокат сабаби El Nino ҳодисасининг кучайиши бўлиб чиқди.
Олимлар денгиз организмларининг тошқолдиқларидан олинган кислород изотопларини таҳлил қилиш орқали ўша даврдаги иқлим ўзгаришларини қайта тиклади. Маълум бўлишича, бутун сайёра бўйлаб океан ҳарорати экстремал даражагача кўтарилган. Бу ҳолат, вулканизм билан биргаликда, кескин иқлим ўзгаришларига, қурғоқчилик ва тошқинларга олиб келган. Оқибатда тирик мавжудотларнинг омон қолиши деярли имконсиз ҳолга айланган.
Океанлардаги ҳарорат Ер юзида иқлим ҳолатига таъсир қилади. 2023 йилда ўтказилган кузатувларга кўра, Атлантика ва Тинч океанларида ҳарорат кутилмаган тарзда кўтарилишни бошлаган. Ва бу Ер юзининг айрим ҳудудларида ёмғирларнинг кескин ошишига ёки аксинча қурғоқчилик авж олишига олиб келиши мумкин.
Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида сув юзасининг иссиқ ёки ўртачадан баланд ҳароратда бўлиши El Nino ҳодисаси деб номланади. Бу ҳудудда совуқ ҳаво оқимлари тўпланиши эса Ла Нино дейилади. Иқлимшунослар бу икки жараённи дунё иқлимининг “мотори” дейишади. Яъни уларга қараб фасллардаги ҳароратни тахмин қилиш мумкин.
Kun.uz
- Қўшилди: 17.09.2024
- Кўришлар: 917
- Чоп этиш