Бугунги кунда халқаро ҳамжамият Covid-19 ҳақидаги ёлғон маълумот коронавирусдан ҳам кўра хавфли эканига алоҳида эътибор қаратиб, барчага расмий манбалардан фойдаланишни тавсия этмоқда. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш таъкидлаганидек, бутун дунё нафақат коронавирусга қарши, балки Covid-19 ҳақида нотўғри ахборот кўпайишига қарши ҳам курашмоқда.
БМТ Бош котибининг фикрича, мамлакатлар мунтазам расмий маълумотларни эълон қилиб боришлари зарур. Чунки ҳозирги вақтда пандемияга қарши энг яхши қурол - бу ишончли ахборотдир.
Шу муносабат билан аксарият давлатлар бу борадаги миллий қонунчилигини такомиллаштирмоқда. Мамлакатимизда ҳам 27 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.
Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-(5)-модда билан тўлдирилган.
Бу борада ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган инсон базавий ҳисоблаш миқодорининг 200 бараваригача (44 миллион 600 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шу кунларда Facebook, Google ва Twitter ёлғон ахборотни блоклаш ва коронавирус ҳақида аниқ маълумотни тарғиб қилувчи хизматни йўлга қўйишга киришди.
Ўзбекистонда эса бир қатор янги Интернет сайтлари, жумладан, сохта ахборотларга раддиялар учун «Antifake.uz» деб номланган Telegram канали ташкил этилди. Каналда асосан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган коронавирус билан боғлиқ "фейк" хабарлар ҳақида маълумот бериб борилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида турли вазирлик, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари иштирокида матбуот анжуманлари ва брифинглар мунтазам ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларига коронавирусга қарши курашиш доирасидаги энг муҳим янгиликларни бирламчи манабалардан олиш имконини бермоқда.
Маълумот учун: Koronavirus Info (@koronavirusinfouz) канали хабарига қараганда, АҚШнинг нуфузли нашрларидан бири — «The Diplomat» Марказий Осиёда коронавирусга қарши қандай курашилаётгани ҳақида мақола эълон қилган (https://thediplomat.com/2020/03/how-is-central-asia-handling-covid-19/).
Ушбу таҳлилий материалда коронавирусга қарши Ўзбекистон танлаган йўл муваффақиятли экани алоҳида таъкидланган. Ҳукумат барча маълумотларни очиқ ва ошкора эълон қилаётгани ҳамда аҳоли ахборот олиши учун бепул интернетни йўлга қўйгани қайд этилган.
Мақола муаллифи Koronavirus Info (@koronavirusinfouz) канали фаолиятига ҳам тўхталган. У Ўзбекистонда янги ташкил этилган ушбу каналда 1,2 миллиондан зиёд обуначи кунлик маълумотларга эга бўлаётганини таъкидлаб, ушбу муваффақиятлар бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак бўлиши кераклигини айтган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.04.2020
- Кўришлар: 4542
- Чоп этиш