Авваллари тергов, суриштирувдаги дастлабки маълумотлар прокурор рухсатисиз ошкор этилиши мумкин эмас эди. Эндиликда суд ишларида ошкораликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо шу билан биргаликда ёпиқ тарзда ўтказилган суд мажлислари тафсилотларини ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни масалага қаратилган.
Депутат Даврон Ариповнинг қайд этишича, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш мақсадида ёпиқ суд мажлиси иштирокчиларининг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотлар ошкор этилишининг олдини олиш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан бир қатор қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси маълумотлари ва тафсилотларини ошкор қилмаслик бўйича ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахсларга тегишли мажбурият юклашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар ва соҳа мутахассисларининг таклиф ва тавсиялари асосида маромига етказилди. Ушбу қонун лойиҳаси суд жараёнларида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, шахсий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар ошкор этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 15.04.2025
- Кўришлар: 228
- Чоп этиш