Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш юрт келажагини таъминловчи муҳим омил

Сарҳисоб

Ёшликданоқ қатъият ва тартибни хуш кўриб, ақлий ва жисмоний чиниқишга уринаётган бола, шубҳасиз, атрофидагиларга Ватан посбони бўлишдек улуғ йўлни танлаётганини намойиш этиб бораверади. Шундай мақсадли ўғил-қизлар учун эса юртимизда кўплаб ҳарбий олий таълим муассасалари мавжуд. 

Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия таркибида принципиал янги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 январь кунги Давлат хавфсизлик хизмати «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига ташрифи чоғида соҳа йўналишида муҳим топшириқлар берилган эди.

Бу борада Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейининг жорий йил бошидан амалга оширган ишлари сарҳисоби ҳам ижобий натижаларни қайд этмоқда. Хусусан, йил бошидан ҳарбий-академик лицей ўқувчилари – Миллий гвардия бўлинмалари ва муассасалари ўртасида инглиз тилидан «Янги Ўзбекистонга садоқат билан хизмат қиламиз» мавзусида ўтказилган викториналар, «Ватан чегараларининг дахлсизлиги, юрт тинчлиги – олий мақсад» мавзуси доирасида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўқувчиларнинг танлаган йўналиши бўйича ҳам ақлан, ҳам жисмонан чиниқишига сабаб бўлди.

Амалиётдан маълумки, ёшларни касбга қизиқтириш асосан мактабданоқ шакллантирилса, ўқувчи ўз келажагига муносиб режалар билан ҳаракат қилишни бошлайди. Шу мақсадда Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари Миробод тумани 282-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабигача таълим ташкилоти ҳамда Яккасарой туманидаги 89-сонли ўрта таълим мактабларида ўтказилган ҳарбий ватанпарварлик тадбирларида ҳам фаол иштирок этди. Тадбирда қатнашган ўқувчиларнинг кўзларидан англаш мумкинки, Ватан хизматига бел боғлаганларнинг қад ростлаб, қатъий ва шижоатли нигоҳ билан боқишлари уларнинг ушбу касбга меҳрини оширди. Шундай тарғибот тадбирлари натижасида Тошкент шаҳар Миробод туманидаги умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига ташриф буюрди. Улар лицейнинг ўқув-моддий базаси, ўқув синфлари, спорт майдончаси, электрон ўқ отиш тири ҳамда ётоқхонада яратилган шароитлар билан танишдилар.

Ўз тарихига қизиқмаган инсоннинг Ватанга муҳаббат туйғуси чин бўлавермайди. Ҳарбий мактаб ўқувчилари учун юртимиз музейларига саёҳатлар ҳам уюштириб турилади. Музейга саёҳат давомида ўқувчиларга Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши, ички ва ташқи сиёсатда мустақил давлат сифатидаги ютуқлари ҳақида маълумотлар берилади. 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари таълим жараёнида ўз олдида турган вазифаларни англаб боради. Алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳарбий соҳа вакили турли вазиятларга муносиб шайланиши билан бирга, етук сиёсий арбоблар тарихи, уларнинг адабий жараёнлардаги ютуқларини ҳам ўрганиб бориши лозим. Бу борада Миллий гвардияси қўмондонлиги ташаббуси билан Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Алишер Навоий таваллуди ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолияти билан боғлиқ бадиий чиқишлар уюштириш йўлга қўйилган. Бундай тадбирларда ўқувчиларга Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар берилади. Улар томонидан бобокалонларимиз ҳақида саҳналаштирилган лавҳа ва шеърий намуналар ижро этилади.

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети томонидан ташкил этилган «Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий меросининг халқаро миқёсда ўрганилиши ва унинг аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференцияда Тошкент «Темурбеклар мактаби» ўқитувчилари ҳамда ижтимоий-гуманитар йўналишда таҳсил олаётган ўқувчилар иштирок этдилар. Айниқса «Жадидларга муносиб авлодлармиз» шиори остидаги тадбирнинг ўқувчилар маънавий камолотига таъсири юксак бўлиб бормоқда.

Темурбеклар мактаби ўз номи билан улуғ бобокалонимиз Амир Темурдек салоҳиятли ва қатъиятли ёшларни шакллантириш йўлида хизмат қилмоқда. Жорий йил буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг 688 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат тарихи музейида лицей ўқувчилари ўз бадиий чиқишлари билан иштирок этишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизматлари учун кадрлар резервини шакллантириш йўлида ўтказилган «Темурбеклар мактаби» ўқувчиларининг тарбиясида Амир Темур меросининг ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция ҳам юксак савияда ўтказилди. Дунё тараққиётининг пойдеворини ўрнатган аждодларимизнинг илми бугунги кунлар учун асос бўлгани сир эмас. Ўқув жараёнлари давомида Информатика фани ойлиги доирасида физика ва информатика дарсларида олинган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий мактаб ўқувчиларининг Алоқа тарихи музейига саёҳатлари уюштирилди. 

Шаҳидлар хотираси – абадий. Буни англаш ва англатиш учун Ватан туйғусини ҳис этиб, шу йўлда жон фидо қилганлар ҳақида келгуси авлодларга маълумотлар бериб бориш анъанага айланмоқда. Шу боис қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари мавзусида кенг давра суҳбатлари ташкил этиб борилмоқда. Миллий гвардия қўмондонининг кўрсатмасига асосан ҳар ҳафта «Бир куним ҳарбий қисмда» шиори остида Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларига лицей ўқувчиларининг экскурсиялари ташкил этилди ва шу асосида ишлар олиб борилди.

Ўқув жараёнида ташкил этилган Шон-шараф музейида «Ўзбекистонликларнинг фронтдаги жасорати ва қаҳрамонликлари» мавзусида дарслар, «Уч авлод» учрашувлари, «Уйғоқ хотира» номли театрлаштирилган концерт дастурлари ҳамда «Амир Темур авлодлари» ҳарбий-спорт мусобақаси каби сўнгги олти ой давомида ўтказилган тадбирлар Миллий гвардия Тошкент «Темурбеклар мактаби» ўқувчиларида ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда юксак аҳамият касб этмоқда.

Бу йил 7 та ҳарбий-академик лицей ўртасида ташкил этилган «Амир Темур авлодлари» ҳарбий-спорт мусобақасида лицей терма жамоаси биринчи ўринни эгаллагани юқорида сўзларнинг ёрқин ифодасидир. Бу йил республика миқёсида 1800 тадан ортиқ номзодлар Миллий гвардия Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейида ўқиш истагини билдириб, ҳужжатлар топширган. Қабул комиссияси томонидан Давлат тест маркази билан ҳамкорликда қонунчиликка асосан саралаш ишлари амалга оширилмоқда ҳамда олий таълим муассасаларга кириш имтиҳонлари тугагандан сўнг, ҳарбий-академик лицейларга кириш имтиҳонлари куни белгилаб берилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳарбий-академик лицейлар орасида 2024-2025 ўқув йилида илк бор Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига қизларнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида белгилаб берилди. Келажакда улардан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига ҳамда давлат хизматлари учун жисмонан соғлом, маънан етук кадрлар етишиб чиқишига умид қиламиз. 

Рустам Файзуллаев, 

Миллий гвардия Тошкент «Темурбеклар мактаби» 

ҳарбий-академик лицейи директорининг биринчи ўринбосари,

 полковник

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech