Агар бу тасвирни бутун бир жамият маконига менгзаб тасаввур этсак, масала буткул жиддийлашади. Айтмоқчимизки, тарихий фурсатларнинг қимматини ҳар доим ҳам англаб етавермаймиз. Кўпинча тўкис ҳаёт тарзи руҳиятимизга, фитратимизга “аччиқ уйқу” уфурганини сезмай қоламиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг сайловдан кейинги биринчи мажлисларида сўзлаган уч кунлик нутқи шу кунларда барчамизга жўшқинлик улашиб, катта мақсадлар сари чорлаб турибди. Халқимиз ислоҳотларга тўла ҳаётига навбатдаги ёрқин орзу-умидлар нишонларини қадамоқда.
“Олдимиздаги йиллар янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади”, демоқдамиз.
Уйғоқ руҳли, азму шижоатга тўла бу гап бизни бугунги ислоҳотларни нуктадон зеҳн шодасига териш, янги давр ўзгаришлари моҳиятини теран илғаб олишга чорлаб турибди.
ЎҚ ТОМИРЛАР ЖЎШҚИНЛИГИ
Инсоният ўз елкасида доим тирикчилик қайғусини кўтариб келади. Бу сўз кундалик феълимизга шу қадар сингиб кетганки, ҳатто уни ўзаро муносабатларимизга енгил кўчира-миз: “Тирикчилик, дўстим, тирикчилик”, дея кулиб қўямиз.
Аммо моҳият-мазмунига кўра, бутун ҳаётимиз, миллий давлатчилик принциплари, фоний дунёчилик ташвиши, умуман, инсонийлик онги замирида ана шу қайғу доим бирламчи аҳамият касб этган, ҳаёт саҳнасида лов-лов ёниб турган. Ва бу ҳамиша ўзни, ўзликни англаш толеси билан ёнма-ён яшаган.
Бундан айтар муддао шуки, тирикчилик — замон билан ҳамнафаслик, дегани. Ўзликни англаш эса — танадаги нафсни муқаддас тушунчалар ва инсонга хос ха-рактерлар билан қуршаб боришдир. Шунда табиатда буюк мувозанат ҳодисаси пайдо бўлади. Акс ҳолда, жаҳолатга йўл очилади.
Давлатимиз раҳбари кечаги мажлисда “Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири — иқтисодиёт, бири — маънавиятдир. Маънавий буюк халқ — иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади”, деди.
Бундоқ ўйлаб қарасак, биз юқорида ҳаёт моҳиятини изоҳлашга уринаётган бар-ча фикрлар ана шу иккита гап замирида ўз қувватига эга эканини тушуниб етиш мумкин. Демак, муқояса қилсак, иқтисодиёт — тирикчилик, маънавият — ўзлик экан.
Бугун юксалиш йўлининг мураккаб чорраҳасидан ўтиб, навбатдаги катта йўлга тушган янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-мафкуравий, иқтисодий ҳамда фалсафий эврилишларидан таралаётган оҳанглар бизга, халқимизга, умуман, кенг дунё жисмига янги-янги ахборотларни сингдирмоқда.
Булар нималарда намоён бўлади? Миллий тараққиётимизнинг аввал ҳеч кузатилмаган мутлақо янги даври — ўтган саккиз йил мобайнида биз нималарга эришдик?
Ушбу саволларга биз, юқорида айтганимиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафта аввалидаги учта нутқидан жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Бу ҳақда сўз юритишдан олдин, яна бир ўринли мулоҳаза ёдга тушди.
2016 йил якунланиб бораётгандаги гап. Президентимиз бутун халқимиз учун мутлақо кутилмаган, ўйлаб ўйига келмаган катта ислоҳотларга тамал тошини қўйган вақтлар эди. Яқин-йироқ давлатлар нигоҳи Ўзбекистонга қадалган ўша чоғлар кўпчилик халқаро таҳлилчилар, сиёсатшунос олимлар, минтақашунос экспертлар Шавкат Мирзиёевга ўта оғир сиёсий ва иқтисодий мерос қолгани ҳақида фикрлар билдирганди, мамлакатда бошланган ислоҳотларга ишончсизлик билан қараганлар ҳам кам эмасди.
Ҳозир буни дафъатан эслаганимиз боиси шундаки, биз аввал-бошданоқ маррани баланд олдик. Олдимизга катта-катта мақсадлар қўйдик, ҳаётимизни улкан режалар билан қуришга киришдик. Чунки олдимизда бошқа йўл йўқ, шундоқ ҳам узоқ вақт бой берилган йиллар заҳматига барҳам бериш керак эди.
Бугун биз эришган натижалар бундан саккиз йил олдинги кўрсаткичлардан ер билан осмонча фарқ қилади. Озгина муболаға билан айтадиган бўлсак, шу саккиз йилда саксон йиллик ишни уддалай олдик.
Биз иқтисодчи эмасмиз, шу боис, рақамлар тилида гаплашишда қийналамиз. Аммо баъзи рақамлар оддий одамларни ҳам ўйлантириб қўйиши бор гап. Масалан, ўтган йилларда иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди, шу тариқа 2016 йилда мамлакати-мизда аҳоли жон бошига даромад 1,5 минг доллар атрофида бўлса, ҳозир 3 минг долларга етиши кутилмоқда.
Бу бутун мамлакат бўйлаб яшаш сифати икки карра яхшиланди, юртдошларимиз ҳаёти, саккиз йил олдинги давр билан солиштирганда, икки баробар фаровонлашди, дегани.
Ёки яна бир мисол келтирайлик.
Яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган маърузада Ўзбекистон 2024 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасида ялпи ички маҳсулотнинг энг юқори ўсиши кузатилаётган уч давлатдан бири сифатида эътироф этилди.
Шундай бўлишини ҳеч хаёлимизга келтирганмизми? Менимча, йўқ.
Хўш, дунё иқтисодиёти ва мамлакатлар ривожида ўзига хос ўринга эга обрўли халқаро ташкилотнинг юртимиз ҳақида бундай хулосага келишига нима сабаб бўлди?
Айтиш керакки, бунга, аввало, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар сабаб. Чунки бутун мазмун-моҳияти юқоридан пастга, яъни халқ орасига кириб боришга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Аниқ мақсадли чора ва режалар, мулоқотлар орқали жамият ҳаёти чуқур таҳлил қилинди. Содда қилиб айтганда, одамлар турмушининг пасту баланди атрофлича ўрганилди. Таҳлил ва ўрганишлар амалий ҳаракатларга кўчди.
Шуларни ўйлаб, бугунги ҳаётимизни ўтган давр билан таққослаб яхши яшашга завқимиз юз чандон ошади-да, ахир. Лекин бу ҳали биз учун марра эмас. Олдимизда жуда катта имкониятлар, мақсадлар бор.
Ҳаётда турфа тақдирга эга одамлар бўлади. Улар феълига яраша яшайди. Яхшини, яхшиликни гапирсанг, ёмонликка йўядиганлар ҳам топилади. Аммо ҳозир бизнинг мақсадимиз бошқа: адолат нуқтаи назаридан гапириш.
Шунинг билан бошқа мавзуга ўтамиз.
Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида “Баъзи халқлар учун бир кунни, бир дақиқани тинч ва осойишта ўтказиш орзу-армонга айланмоқда”, деди.
Замонни қоралама, дерди ота-боболаримиз. Бу ҳикматни энди-энди англаб етяпмизки, замонни қурувчи ўзимиз эканмиз. Бунда, юқорида айтганимиздек, нафсни тарбиялаш, ўзлик моҳиятини қувватлантириш ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораверади.
Шукроналикда гап кўп. Мана қаранг, жонажон юртимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда. Кун сайин замон билан ҳамнафас, табиат билан уйғун, келишиб яшаш йўлидамиз.
Аллоҳ берган неъматлардан унумли фойдаланишимиз керак. Фақат табиат қонунларига қарши чиқмаган ҳолда. Бунинг тагида гап кўп, фалсафаси буюк.
Президентимиз 2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилди. Бу ўз-ўзидан, тасодифан билдирилган таклиф эмас. Бунинг замирида биз ҳозир айтаётган фикрларга қанчалик ҳамоҳанглик борлигини кенг мушоҳада қилиб кўришимиз керак бўлади.
“Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур. Зеро, табиатни асраш — инсонни асраш демакдир”, деди давлатимиз раҳбари.
“Она — табиат — инсон” ҳалқаси ёруғ оламдаги тириклик асосидир. Бу уч хилқатсиз дунё ўз мақомини йўқотади, моҳиятан ва шаклан ўзга бир дунё пайдо бўлади. Шу боис, табиат ва инсон ўртасидаги мувозанат бузилмаслиги тарафдоримиз.
Бугун биз ана шу йўлни танламоқдамиз. Келинг, фикримизни бир мисол билан изоҳлайлик.
Янги Ўзбекистон ташаббускори — Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида каналларда йилига 13 миллиард куб метр (33 фоиз) сув йўқотилаётганини айтган эди.
Бундай шароитда нима қилиш керак? Ечим айтилди: агар каналлар бетонланса, йўқотишлар сезиларли даражада камаяди.
Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди, бетонлаш ишлари каттагина маблағ сўрайди. Шу маблағ ўзини қоплайдими? Қоплар экан. Бетонланган каналларда сув оқими тезлашади. Натижада уларда кичик ГЭСлар қуриш ва бу орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш мумкин. Бу ички имкониятдан унумли ва ўз ўрнида фойдаланиш дейилади.
Сезяпсизми, булар мамлакатимизда аниқ ва пухта режалар асосида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беряпти. Бугунги ва эртанги тараққиётимизга дахлдор тасаввурларимизни янада бойитяпти. Моҳиятни чуқур англаш эса ислоҳотлар самарадорлигига ҳам яхши таъсир кўрсатади.
Дарвоқе, самарадорлик ҳақида. Давлатимиз раҳбари камбағаллик даражасига тушиб қолган одамларнинг онгини ўзгартириш, уларда эртанги кунга ишонч ва келажакка интилиш ҳиссини уйғотиш ҳақида ҳам гапирди. Ишни маҳаллабай ташкил қилиб, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича навбатдаги катта марра белгилаб олинди.
Инсон онгини ўзгартириш осон иш эмас. Айниқса, у тушкунлик гирдобида бўлса. Аммо ҳамма ишни уддаласа бўлади. Буни мамлакатимизда амалга оширилаётган айрим саъй-ҳаракат самараси мисолида кўриб чиқамиз.
Мамлакатимизда Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманларида амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари асосида “Камбағалликдан фаровонлик сари” комплекс дастури қабул қилинганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин эътибор қилинг, дастур номининг ўзиёқ кишида эртанги фа-ровон кунларга умид ва кўтаринки кайфият улашади.
Президентимиз ташаббусига кўра, энди-ликда кўп қиррали ёндашувлар асосида камбағаллар аъзоларига сифатли таълим бериш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, соғлиғини яхшилаш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кўмак бериш пакетлари индивидуал бўлади. Бундан ташқари, ижтимоий аҳволи оғир маҳаллаларда инфратузилма яхшиланади.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, камбағал оила фарзандлари сифатли таълим олса, олий маълумот, касб-ҳунар эгалласа, эртага у бутун бошли оиласини тушкун муҳитдан олиб чиқиб кетишга қодир бўлади.
Маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланиши эса, аввало, ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолини доимий ва даромадли иш ўрни билан таъминлаш, деганидир.
Умуман олганда, бу каби иқтисодиёт, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар кўлами жуда кенг. Улар ҳақида соатлаб гаплашиш мумкин. Лекин шу нарсани аниқ ва лўнда айтиш мумкинки, мамлакат тараққиётини, ҳаёт тарозиси мувозанатини таъминловчи куч бу — иқтисодиёт. Унинг ҳар тармоғидаги ўзгариш барчамизнинг ҳаётимизда сезиляпти. Буни сезиш учун эса кишида таҳлил қила олиш қобилияти бўлиши керак, холос.
Ўзбекистоннинг бутун дунёда нуфузи юксалиб бораётгани ҳам таҳлилга арзирли ютуқдир. Бугун дунё Ўзбекистонни ташаббускор давлат сифатида билмоқда ва тан олмоқда. Ўтган даврда бевосита Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 11 та резолюция қабул қилингани ҳам янги Ўзбекистон солномасида тарихий ҳодисадир.
Бу ҳам тасодиф эмас. Ҳар бир эътироф ўз асосига эга. Боиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бутун инсоният тақдирига дахлдор ташаббусларни илгари суряпти. Бундан дунё мамлакатлари, ер юзи аҳолиси манфаатдор. Шу маънода, бизнинг Президент дунёнинг қайси мамлакатига бормасин, қайси бир халқаро нуфузли тадбирда иштирок этмасин, нафақат олий мартабали шахслар, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари, балки ўша мамлакат одамлари ҳам у кишини жуда катта эҳтиром ва ҳурмат билан кутиб олади.
ҚАЛБИМИЗДА БИР БУТУН ХАЛҚ ТУЙҒУСИ БОР
Биз бугун “таъсирлар” оғушидан чиқиб кетдик. Ўз йўлимизни топдик ва шу йўлда дадил, азму шижоат билан кетиб боряпмиз.
Агар кимдир четдан келиб, Ўзбекистон ўтган саккиз йилда нимага эришди, дея савол берса, жавобимиз шудир: биз ўтган даврда ҳамжиҳатликда, биргаликда ҳаракат қилиб, улкан марраларни забт этишга эришдик.
Бунинг асоси нима, дейишса, яна айтамиз: маънавий юксалиш ҳодисаси. Қалбимизда бир бутун халқ туйғуси уйғонгани.
Бу қутлуғ ҳодиса инсон қалбини поклайди. Юраги тоза одам ватанпарвар бўлади. Ҳозиргидай таҳликали даврда энг яхши ҳимоя воситаси — ватанпарварлик руҳида камол топган юксак салоҳиятли кадрлардан иборат аҳил жамиятдир.
Мамлакатимизда ёш авлодни юртга садоқат, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Ҳозир халқаро майдонда миллий эгоизм авж олди. Инсоний фикратга зид бўлган ёт ғоялар, мафкуравий курашларнинг тури ҳам, усуллари ҳам кўпайди.
Бундай вақтда аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборат бўлган мамлакатлар ҳал қилувчи кучга эга бўлади. Негаки, улар ёшларга тўғри ва сифатли таълим-тарбия бериш орқали бебаҳо бойлик — инсон капиталига эга бўлади.
Янги Ўзбекистонда инсон капиталини юксалтириш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар аввалида одамларни рози қилишга жиддий эътибор қаратилди. Барча даражадаги масъул раҳбарлар халқнинг хизматчисиман, деган масъулият билан фаолият юритишни бошлади.
Кейинги йиллардаги ислоҳотлар сабаб мавжуд масалалар маҳалланинг ўзида ечим топа бошлади. Шу тариқа бирламчи, маиший масалалардан бир поғона юқорига кўтарилдик.
Буни бежиз таъкидлаётганимиз йўқ, маиший масалалар билан банд инсонларда улкан орзулар бўлмайди. Халқни улуғ мақсадларга бошлай олиш, эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончга боғлиқ. Ана шундай ишонч билан мустаҳкамланган жамиятда бирдамлик, ватанпарварлик руҳи жадал шакллана боради. Бу буюк ҳодисани халқимиз бугун бевосита Президент Шавкат Мирзиёев феномени билан улуғлайди.
Иқтисод ва маънавият иккита устун экани бежиз айтилмади. Ҳаёт ҳақиқати шуки, бу устунлар юрт равнақи, халқ манфаати учун хизмат қилади. Гўёки қуш қанотлари парвоз ишончли ва бардавом бўлишини таъминлаганидек, бу қўш устун ҳам бир-биридан қувват олади.
Тарих гувоҳ, иқтисодий жиҳатдан юксалган, аммо ахлоқсизлик, маънавий таназзулга юз тутган империялар қисқа вақтда пароканда бўлган. Бундай ҳолатларни юксак тафаккур билан таҳлил этган қадимги донишмандлардан бири Помпоний “Айримлар шу қадар зулматга ботганларки, ёруғликдаги ҳамма нарсани ноаниқ кўрадилар”, дейди.
Ёруғликдаги нарсаларни ноаниқ кўриш — эртанги кунга бўлган ишончнинг йўқолишидир. Ишонч йўқолган жойда фитналар авж олади. Мақол оҳанги билан айтганда, етсанг кўролмаслар, етмасанг беролмаслар кўпаяди.
Ютуқларимиз сабаби дастлабки кунлардан халқимиз онгида ўша ишончни амалий ишлар орқали оқлай олганимизда бўлди. Энди бу ишларни янги даврга мос тарзда давом эттирмоқчимиз. Зеро, ёшлар, умуман, бутун жамиятда юрт учун бор қувватини сарф этишга тайёр бўлиш ана шу ишончга боғлиқ.
Бунинг учун, аввало, иқтисодий масалаларни ҳал этишга жиддий эътибор берилди. Масалан, оилавий тадбиркорлик, ҳунар ўрганиш учун жуда катта имтиёзлар, имкониятлар яратилди. Ҳатто иккита иш ўрни яратган тадбиркор давлат раҳбари эътиборидаги шахс бўлиши бот-бот такрорланди.
Тарихда илк бор янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди. Шу билан бир қаторда таълим олишга кенг имкониятлар яратилди. Ёшлар, айниқса, хотин-қизларнинг олий маълумот олиши учун имтиёзлар, қабул квоталари оширилди.
Фактларга мурожаат қилсак, ўтган даврда 25 мингдан зиёд хусусий боғча, 70 га яқин нодавлат олийгоҳ ташкил этилди. Натижада болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 74 фоиздан, ёшларнинг олий таълимга жалб қилиш улуши 39 фоиздан ошди. Қисқа вақтда бундай катта кўрсаткичга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта.
Биргина нодавлат МТТ фаолият кўрсатишни бошлаган пайтдан бошлаб 10 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинди. Бундан ташқари, улар ДХШ тўғрисида битим тузилган кундан бошлаб 2 йил муддатга — тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган асбоб-ускуналар, инвентарь, ўқув қўлланмалари ва ўйин зоналари учун божхона тўловларини ҳам тўламайди. Агар ҳисоб-китоб қилинса, булар жуда катта миқдордаги маблағга айланади.
Бу биргина хусусий боғчалар учун берилган имтиёзлардан иккитаси, холос. Саноқни, ўқитувчиларнинг маошини ошириш, минглаб таълим даргоҳларининг таъмирланиши, илмий даража олишдаги имтиёз ва имкониятлар кенгайиши каби жиҳатлар билан узоқ давом эттириш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат, навқирон авлод китобхонлиги учун юксак мукофот билан тақдирланадиган бўлди. “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” танловлари мутолаа маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ҳақли равишда китобхонликнинг энг фаол тарғиботчиси, дея эътироф этилди. Демоқчимизки, ислоҳотларнинг дастлабки давридаёқ барча жабҳаларда узоқ истиқболга мўлжалланган аниқ режалар белгилаб олинган эди. Бу ўзгаришлар орқали Учинчи Ренессанс пойдеворини яратяпмиз. Бунинг учун юқорида айтилганидай, жуда кўп асослар яратилди.
Замон тезкор, давр билан ҳамнафас бўлиш осон эмас. Шундай вақтда бошланган ислоҳотларни жадал давом эттириш, муҳими, уларнинг самарадорлигини ошириш зарур. Бунинг учун бугунимизга муносиб тарздаги ислоҳотларнинг янги даврини бошлаш эҳтиёжи бор эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқида илгари сурилган ташаббуслар том маънода ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.
Эътиборлиси, янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни яратиш учун ҳеч нарсани аямасдан, бор куч ва имкониятлар сафарбар этилиши кўзланмоқда. Бунинг учун, аввало, ёшларимиз онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтириш зарур. Мақсадлар амалий қиёфа касб этиши учун эса ёшларга оид давлат сиёсати такомиллаштирилади.
“Бугун фақат мана шундай илғор ёш-ларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий ман-фаатларини таъминлашга эриша олади”, деди давлатимиз раҳбари.
Янги Ўзбекистондаги иқтисодий юксалишни маънавий қудрат билан бойитишга қаратилган ислоҳотлардан шундай ёшларни камол топтириш, жонкуяр зиёлиларни олдинги сафга чиқариш кўзланган. Бунинг учун кўпмиллатли халқимиз ягона Ватан, аҳил оила бўлиб олға интилмоғи лозим. Бугун халқаро майдонда ва ички сиёсатимизда илгари сурилаётган ташаббуслар, олиб борилаётган ислоҳотлар қалбимизда бир бутун халқ бўлиш туйғуси-ни уйғотишга қаратилгани билан ҳам аҳа-миятли.
Зеро, юксак маънавиятли жамиятда одамлар қонунларга оғишмай риоя қилади. Натижада турли қонунбузарликлар камаяди. Ҳалол меҳнат қиладиганлар сафи кенгаяди. Бу барқарор иқтисодиётни таъминлайди. Қолаверса, ҳар бир инсоннинг ишга, меҳнат қилишга бўлган муносабати маънавий дунёқарашига боғлиқ. Маънавиятли инсонлар ўз ишини масъулият билан бажаради, бу эса умумий ишлаб чиқаришни оширади. Айни пайтда бундай инсонлар билим олишга, янги технологиялар яратишга ва замон билан ҳамқадам бўлишга интилади. Бундай сифат-лар ўз-ўзидан жамиятда инсон қадрини оши-ради. Ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, иқтисо-дий ўсишнинг изчиллигини таъминлайди.
Бунинг учун қонуний асосларни мустаҳкамлаб олдик. Мамлакатимизда янгиланган Конституциямизга мувофиқ илк бор парламент сайловини аралаш сайлов тизимида ўтказдик. Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлади. Аммо биздаги шиддат, янгиланган жамиятимиз ва халқимизнинг ўз тақдирига ишонч руҳи бу йўлда бизга катта куч, зўр мотивация берди, дейишимизга бугун тўлақонли ҳақлимиз.
Яна бир гап, бугун биз ҳар бир ютуққа эришишда буюк халқимизга таянамиз. Буюк халқнинг иқтисодиёти ҳам буюк бўлади. Бир ёқадан бош чиқариб, барчамиз бирлашиб ҳаракат қилишимиз керак. Бундай тарихий имкониятлар илгари ҳаммамизга орзу эди. Бугун эса бу орзуларни амалга ошириш имкониятлари юзага келди. Мана шу қутлуғ йўл ҳар бир юртдошимиз кўксида навбатдаги ёрқин орзу-умидлар нишони бўлиб порлагай.
Салим ДОНИЁРОВ
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»