11 октябрь – Халқаро қизлар куни
Жамиятни хотин-қизларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги жамиятимизда аёл – меҳрибон она, опа ё сингил, севимли умр йўлдош, оила бекаси, невараларнинг дуогўй бувижониси бўлибгина қолмай, жонкуяр муаллим, ишчан раҳбар, олима, ижодкор, тадбиркор ҳамдир.
Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ҳозирда Ер юзи аҳолисининг 49,6 фоизи хотин-қизлардан иборатлигини инобатга олсак, жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар нечоғлик муҳим ўринга эга эканини янада теранроқ англаймиз.
Гендер тенглиги устувор аҳамият касб этаётган XXI асрда - хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ўз истеъдодларини намоён этишлари учун зарур имкониятлар яратиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Шу маънода, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида аёллар ҳуқуқлари кафолатлари борасида қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилгани диққатга лойиқдир.
Бу ҳақда сўз борганда, 1979 йили қабул қилинган БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, шунингдек 1992 йили қабул қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги 103-сонли ҳамда Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисидаги 111-сонли конвенцияларини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий қонунчилигимизга татбиқ этилиши юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда, уларни камситилишдан, турли зўравонликлардан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. 2019 йилда Ўзбекистонда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, шунингдек “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани буни яққол тасдиқлайди.
Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати, айниқса, сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди.
Жумладан, жорий йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилиниб, унда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлатимизнинг стратегик ёндашуви ва яқин келажакда бажарилиши кўзда тутилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида таъкидлаганидек, “Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди”.
Қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эса, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги 66-сессиясида қабул қилинган “Халқаро қизлар куни тўғрисида”ги резолюцияси алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу резолюцияга асосан, 2012 йилдан бошлаб ҳар йили 11 октябрь – Халқаро қизлар куни сифатида дунёнинг деярли барча давлатларида нишонланади.
Мазкур халқаро сана, ўз навбатида, гендер тенгликни таъминлашга, қизларнинг сифатли таълим олиши, тиббий хизматлардан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Энг муҳими, ушбу зарур қадам нозик хилқат вакилларини ҳвар томонлама рағбатлантириб, камситиш ва зўравонликлардан муҳофаза этишга умумжаҳон миқёсида жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Бу борада юртимизда бўлаётган ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, санъат, маданият ва тадбиркорлик каби бир қатор соҳаларда қизларга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиш жоиз. Қизларнинг ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида фаол меҳнат олиб боришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қизларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш орқали уларнинг ўзи қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлишига, шу йўл билан жамият фаровонлигини, давлат ривожини янада юксалтиришга эришилмоқда. Натижада халқаро фан олимпиадалари ва танловларда Ўзбекистон қизлари фахрли ўринларни қўлга киритиб, юртимиз довруғини дунёга таратмоқда.
Спортга жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш, мактабгача таълим муассасасидан бошлаб қизларнинг спортга қизиқишини ошириш ва спорт билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратиш каби муҳим вазифалар бўйича изчил амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, қизларни оналикка тайёрлаш, ёшлигиданоқ соғлом она ва соғлом бола тамойили асосида тарбиялаш орқали уларни эрта турмуш қуришининг олдини олиш, турли хил ножўя ва соғлиққа зарар келтирувчи иллатлардан ҳимоя қилиш каби масалалар доимий диққат марказида турибди.
Турли соҳа ва тармоқларда иқтидорини, фаоллигини ва ташаббускорлигини кўрсатаётган қизларнинг ҳар йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан рағбатлантирилиши эса уларнинг ўзига бўлган ишончини янада оширади. Ўсиб келаётган ёш авлодни юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшадиган фаол ва изланувчан инсон қилиб тарбиялашда мукофот соҳибаларини ўрнак сифатида кўрсатиш ҳам ниҳоятда самарали.
Тадбиркорлик фаолиятида қизларимизга бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари, минглаб ёшларни иш билан таъминлашлари, бўш иш ўринлари яратишлари, банклар томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланишлари, бир сўз билан айтганда, давлатимизга муносиб тадбиркор аёл бўлиб етишишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, миллатнинг эртаси, давлат равнақи ва юрт келажаги ўсиб келаётган қизларимизнинг жисман соғлом, маънан етук, ақлан комил инсон бўлиб улғайишига боғлиқ.
Бунинг учун уларни ёшлигидан соғлом фикр асосида тарбиялаш ҳамда соғлом муҳитда вояга етишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш керак. Бу борада мамлакатимиз жаҳоннинг кўплаб давлатларига ўрнак бўла олади.
Дилдора Аҳмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 08.10.2020
- Кўришлар: 4028
- Чоп этиш