Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 10 сентябрда имзолаган “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бир қатор қонунларга ўзгартиришлар жорий этилди.
Янги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 31 ва 17-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, «Адвокат мақомига эга бўлиш» номли 31-модда қуйидаги мазмундаги ўнинчи қисм билан тўлдирилди: «Адвокатлик гувоҳномасининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
Шунингдек, 17-модда (Адвокатура ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги) биринчи қисмининг (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида) олтинчи хатбошиси чиқариб ташланди (адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди). Ушбу модданинг еттинчи хатбошиси (ордер шаклини тасдиқлайди) олтинчи хатбоши деб ҳисобланди.
Бундан ташқари, 1994 йил 22 сентябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 283-моддаси янги, бешинчи қисм билан тўлдирилгани муносабати билан амалдаги бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисобланадиган бўлди. Бу қисмнинг матни қуйидагича:
«Ушбу Кодекснинг 197-1-моддасида (Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш – таҳ.) назарда тутилган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда, адвокат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга».
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгиловчи нормалари мавжуд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаган ҳолда қайта кўриб чиқиш жадвалининг 30-бандида адвокат гувоҳномасини беришни тартибга солувчи Адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатларнинг давлат реестрларини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни (рўйхат рақами 1933, 2009 йил 31 март) қайта кўриб чиқиш белгиланган.
“Адвокатура тўғрисида”ги қонунда адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлаш Адлия вазирлиги ваколатига киритилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида назарда тутилган қарорига асосан адвокатлик гувоҳномасининг шакли ва уни бериш тартибини Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаш таклиф этилганлиги сабабли Қонун нормалари мувофиқлаштирилди.
Бундан кўзланган мақсад адвокатлик гувоҳномалари беришни мақбуллаштириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш ҳисобланади. Шунингдек, бу борада бюрократик омиллар келиб чиқиши эҳтимолининг олдини олиш кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.09.2019
- Кўришлар: 5957
- Чоп этиш