Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами тантаналари айнан шу бош ғояни ўзида мужассам этган. Бу бежиз эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 8 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, “Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда”.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгарди.
Энг муҳими, ана шу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурлар самаралари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасидаги туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу маънода, кейинги уч йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устувор аҳамият касб этган кенг кўламли ўзгаришлар даври бўлди.
Қисқа даврда Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида 100 га яқин қонун қабул қилинди, Президентимизнинг 2 мингдан зиёд фармон ва қарорлари, шунингдек, ҳукумат қарорлари ва “Йўл хариталари” имзоланди. Энг яхши амалиётлар, илғор тажриба ва таклифлар миллий ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш имконини бермоқда.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар ҳам Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу, ўз навбатида, мамлакатда чуқур демократик ислоҳотларнинг бошланишига олиб келди.
Халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш мақсадида парламент томонидан 2019 йили биринчи марта Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси тасдиқланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган ушбу Кодекс замонавий талабларга ва демократик сайловларни ўтказиш бўйича халқаро амалиётга жавоб беради. Бинобарин, уни тайёрлашда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия кўмитаси каби халқаро ташкилотлардан xулоса ва фикрлар олинган.
Маълумки, мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини тартибга солишни такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш асосида фуқаролар фаровонлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Биринчидан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифа тасдиқланди. Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл xаритаси” қабул қилинди, Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлардан фойдаланиш учун етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи жуда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларининг қабул қилиниши замирида юртимиз қишлоқлари ва маҳаллаларига замонавий қиёфа бериш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш учун аҳолининг турмуш шароитини босқичма-босқич яxшилаш, турмуш тарзи ва турмуш даражасида ижобий ўзгаришларга эришишдек эзгу интилишлар мужассам.
Иккинчидан, юртимиз болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида сезиларли даражада ривожланишга эришди. Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари доирасида ўз халқаро мажбуриятларини бажариши, жумладан, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Давлат дастурининг амалга оширилиши халқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланди.
Мамлакатда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ўринда Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим.
Аввало, мазкур қарор юртимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган даврда тасдиқланди. Янада муҳими, давлатимиз раҳбари имзолаган бу ҳужжат Ўзбекистон аҳолисининг 40 фоизини ташкил этувчи 12 миллион 200 минг нафар бола учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Шу пайтгача юртимизда болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқуллангани ниҳоятда муҳимдир.
Учинчидан, 2019 йил 2 август куни давлатимиз раҳбари “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Бу бежиз эмас. Зеро, мустақиллик, озодлик, эркинлик, ҳуррият деган эгизак каломлар билан инсон ҳуқуқлари тушунчаси ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Сиёсий ҳаётимизда ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта аҳамиятга эга бўлган ушбу тарихий қадам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли, айни чоғда, изчил ва давомли ислоҳотларнинг яна бир яққол самарасидир. Чунки инсон ҳуқуқларини таъминлаш дегани бу маълум масофадан сўнг ҳаракат тўхтайдиган охирги бекат эмас, балки узвий давом этадиган жараёндир.
Ушбу қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро майдонда ижобий мавқеини илгари суришдир.
Бунга қадар ўтган йили ҳам мамлакатда иккита қамоқхона ёпилган. Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли ўтган қисқа даврда мамлакатда маҳбуслар сони икки баробар камайишига эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 94 нафар маҳбус тўғри келади.
Тўртинчидан, 2019 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат, бир томондан, Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифаларни тўлиқ бажариш, иккинчи томондан, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш учун хизмат қилади.
Содда қилиб айтганда, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ҳам кечаги услуб, қотиб қолган қарашлардан воз кечиш фурсати аллақачон етган. Қачонки, жойларда ҳар бир катта-кичик раҳбар бу масалада ҳам янгича фикрлаб, бугунги ислоҳотлар талабига мос иш олиб борса, шунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ишларимиз самарадорлиги юқори бўлади.
Бешинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга устувор эътибор қаратилиши натижасида судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, айблов далили сифатида ноқонуний усуллар билан олинган маълумотлардан фойдаланиш учун қатъий жавобгарлик белгиланди. Жиноят кодексининг қийноқларга доир 235-моддаси БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг 1-моддасига мослаштирилди.
Жойларда судьялик лавозимига номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилди. Судларда ишларни кўришнинг адолатлилиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ишларни электрон тақсимлаш тизими жорий этилди.
Олтинчидан, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича қонунчилик доирасида, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
АҚШнинг “Open Democrаcy” электрон порталида Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кечаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида мақола чоп этилди. Таҳлилчи Дарина Солод Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайлангандан сўнг мамлакатда бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирлар бошлангани, жумладан, қатор қонун ва қарорлар қабул қилинганини ёзади.
Еттинчидан, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш мақсадида кейинги даврда давлатимиз раҳбари бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори ўз мужассамини топган.
Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир.
Хориж матбуотида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга берилаётган холисона баҳолар ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди. Хитойда чоп этиладиган “South China Morning Post” газетасининг эътироф этишича, “Президент Шавкат Мирзиёев ўтмишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиб, кўплаб танқид¬ларга учраган тақиқларни бекор қилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этаётир. Айниқса, республиканинг халқаро майдондаги ими¬жи тубдан ўзгариб, унинг қўшни давлатлар билан алоқалари яхшиланди. Натижада иқтисодий модернизация ва либерализация жараёнлари изчил кечгани ҳолда, мамлакатга хорижий сармоя¬лар оқимида “портлаш эффекти” юз берди”.
Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим ¬этилган ва мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйилган “Беш муҳим ташаббус”нинг мазмун-моҳиятида мустақиллигимизни мус¬таҳкамлашнинг пойдевори ўз ёрқин ифодасини топган. Зеро, мамлакатимизнинг келажакда қандай қуд¬ратга ¬эга бўлиши, аввало, ёшларга берилаётган таълим сифатига ва тарбиянинг нечоғлик оқилона эканига боғлиқ.
Бугун мамлакат ҳаётининг қайси соҳасини олиб қарамайлик, ҳар бир жабҳада янгича ёндашув, илғор муносабатлар ва чинакам ташаббускорликни кўрамиз. Бинобарин, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ. Энг муҳими, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган бугунги саъй-ҳаракатлар халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган.
- Қўшилди: 31.08.2019
- Кўришлар: 9071
- Чоп этиш