Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Кодексда белгилаб қўйилган нормаларга кўра,
Боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади. Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
