ЮНЕСКОнинг 1995 йил 15 ноябрдаги 28-сессияси қарорига асосан ушбу кун 1996 йилдан буён дунё миқёсида, жумладан Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Бугун мазкур халқаро сана таъсис этилганига роппа-роса 25 йил тўлди.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг "Янги Ўзбекистон" газетасининг 23 апрель сонида эълон қилинган мақоласи айни шу мавзуга бағишланган. Мақола "Ҳаёт йўлларида дўсту таянчимиз" деб номланади.
Муаллиф аввало Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 16 мартда қабул қилинган "Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталган. Мамлакатимизда матбаа ва ноширлик соҳасини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ишлар аниқ далиллар мисолида талқин қилинган.
Мақолада, шунингдек, бу йилги Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни байрами Сovid-19 пандемияси дунё бўйлаб кенг тарқалаётган қалтис даврга тўғри келгани ҳақида фикр юритилади. Ўзбекистон Президентининг қатъий позицияси, халқпарвар сиёсати, қабул қилаётган оқилона фармон ва қарорлари пандемияни жиловлаш ва унинг салбий таъсирини юмшатишга кучли замин яратмоқда.
Ёшларнинг таълимдан узилиб қолмасликлари, фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилаяпти. Карантин даврида кўчага чиқмасдан уйда қолиш, бўш ўтирмаслик, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишда давом этиш, илмий ва бадиий асарларни мутолаа қилиш ёшларнинг асосий кундалик иши бўлиши керак. Нега деганда, бу дамлар мутолаа учун қулай фурсатдир.
"Китоб мутолааси вақтида барча қийинчиликларни унутади киши. Энг асосийси, китоб кишига маънавият, зиё улашади", деб ёзади мақола муаллифи.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.04.2020
- Кўришлар: 4832
- Чоп этиш