«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони: 4 саволга – 4 жавоб

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони таъсис этилган.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сонли қарорига  биноан, «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низом ҳамда «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари тасдиқланнди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиб-қоидаларига доир қуйидаги саволларга жавоб қайтарди.

– «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони қачон ва қандай тартибда топширилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарорига  асосан:

«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони 10 декабрь –Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида топширилади.

«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан мукофотлаш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори буйруғи асосида амалга оширилади.

Кимлар ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин?

«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш ҳамда соҳани ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Номзодларни ким тавсия қилади?

Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига тавсия этилади.

Номзод бўйича таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида унинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.

Бугунги кунга қадар бу борада Марказ томонидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларига сўровлар юборилган. Бундан ташқари, тегишли эълон Марказнинг расмий веб-сайти ҳамда ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди.

– Номзодларни ким кўриб чиқади?

Кўкрак нишони билан тақдирланадиган номзодларга оид тавсияларни кўриб чиқиш учун Марказ томонидан ҳар йили комиссия  ташкил этилади.

Комиссия таркибига инсон ҳуқуқлари соҳасида иш олиб борадиган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек соҳада фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари киритилади.

Комиссия йиғилишида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганиб чиқилади. Шу асосда энг муносиб номзодлар юзасидан якуний хулоса қабул қилинади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech