Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Қашқадарё вилоятига сафари доирасида 26 ноябрь куни Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган "Академик ва ёшлар" мавзуидаги учрашувда иштирок этди.
Ёшлар маркази Президент Шавкат Мирзиёевнинг қашқадарёлик ёшларга совғаси сифатида яқинда бунёд этилган. Давлатимиз раҳбари 13 ноябрь куни бу ерга ташриф буюриб, мавжуд шароитларни кўздан кечирди. Вилоят ёшлари вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Қашқадарё вилоятида 26 мингдан зиёд ёшлар ишсиз, тадбиркорлик ривожи мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан анча пастда экани қайд этилди.
"Академик ва ёшлар" учрашуви айни шу долзарб мавзу муҳокамасидан бошланди. Тадбирда 150 нафар талаба, илмга қизиққан ёшлар, навқирон ҳуқуқшунослар ва уюшмаган ёшлар викиллари фаол қатнашди.
Академик А.Саидов ёшларга юртимиз, жумладан, Қашқадарё воҳасининг "Авесто" яратилган замонлар ва Темурийлар давридан токи ҳозирги кунгача бўлган шонли тарихи ҳақида қизиқарли мисоллар асосида сўзлаб берди. Жонли мулоқот Конституция ва қонунлар, ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари мавзусига уланиб кетди.
А.Саидовнинг фикрича, бугунги ёшлар кечаги ёшлардан мутлақо фарқ қилади. Хусусан, Қашқадарё ёшларининг илмга чанқоқлиги, ташаббускорлиги, эл-юрт равнақи йўлида илгари сураётган илғор таклифлари кишини ҳам ҳайратга солади, ҳам мамнун этади.
- Ёшлар маркази кутубхонаси қашқадарёлик навқирон йигит-қизлар учун севимли масканга айланиши керак. Ҳатто ўзим ҳам вилоятга келганимда, ушбу кутубхонадан фойдаланишни истардим, - деди А.Саидов.
Кутубхона фондини режали асосда бойитиш мақсадга мувофиқдир. Ёшлар маркази кутубхонасидан, авваламбор, Қашқадарё тарихини ёзган тарихчи олимлар, шу эл-юртни тараннум этиб келаётган шоир ва ёзувчилар, таржимонлар ва драматургларнинг асарлари ўрин олиши даркор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2020
- Кўришлар: 3934
- Чоп этиш