Парламентлараро Иттифоқ бошқарув органларининг янги таркибини шакллантириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов ушбу Иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, шунингдек, унинг молия бўйича кичик қўмитаси аъзоси этиб тайинланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз вакили биринчи бор 2020-2023 йилда Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида қайд этилди. Ушбу қарор ташкилотнинг Белградда (Сербия) бўлиб ўтган Aссамблеяси пайтида қабул қилингани. Ўшанда A.Саидов номзоди Парламентлараро Иттифоқнинг Евроосиё гуруҳи томонидан илгари сурилган ва ташкилотга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланган эди.
Парламентлараро Иттифоқ дунё давлатлари парламентларининг асосий халқаро органи бўлиб, 1889 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда ташкилотга 179 мамлакат парламентлари аъзо.
Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси 18 кишидан таркиб топган бўлиб, улар ташкилотнинг 6 та геосиёсий гуруҳини ифодалайди ва унинг маъмурий орган сифатидаги вазифаларини бажаради.
Қайд этиш жоиз, A.Саидов Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътирофи сифатида 2023 йилнинг октябрь ойига қадар Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси вице-президенти, шунингдек, 2020-2021 йиллар учун молия бўйича кичик қўмита аъзоси этиб тайинланди.
Мамлакатимиз вакилининг дунё қонун чиқарувчи органларининг бундай нуфузли форуми ишида қатнашиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни янада самарали амалга ошириш, шунингдек, халқаро парламентлараро ҳамкорлик кун тартибини шакллантиришдаги мамлакатимиз иштирокини таъминлаш имконини беради.
Манба: dunyo.info
- Қўшилди: 05.02.2020
- Кўришлар: 4767
- Чоп этиш