25 ноябрь куни Минскда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси (МДҲ ИҲК) еттинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев иштирок этди.
Мажлис Беларуснинг МДҲ ИҲКдаги вакили, Беларусь Республикаси Бош прокуратурасининг Жиноят-суд назорати бош бошқармаси бошлиғи Евгения Парамонова раислигида ўтди.
Комиссия ишида гибрид шаклда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда таркибий бўлинмалари вакиллари қатнашди.
Мажлис давомида, жумладан, МДҲ ИҲКга аъзо давлатларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан мамлакатлар шарҳлари бўйича маърузалар тингланди. Ушбу маърузалар МДҲда Соғлиқни сақлаш йилини амалга ошириш ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 20 йиллигига ҳам бағишланди.
Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари M.Тиллабоев ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот берди. Жумладан, бу борадаги ҳуқуқларнинг конституциявий даражада мустаҳкамлангани, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳамда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси имплементация қилинганини таъкидлади.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 20 йиллигига бағишланган Чора-тадбирлар режасининг амалга оширилиши, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Бешинчи Самарқанд форуми доирасида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 20 йил: ҳуқуқларни эътироф этишдан инклюзив жамиятларга” махсус сессиясининг ўтказилиши ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Йиғилиш давомида соғлиқни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш (МДҲда Соғлиқни сақлаш йили доирасида) ҳамда жазони ижро этиш тизимида хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди. “Саломатлик ҳуқуқи” ижодий танлови якунлари сарҳисоб этилди.
Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кекса ёшдаги инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш мавзулари кўриб чиқилди.
МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари Игорь Петришенко ўз нутқида таъкидлаганидек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида 35 йил давомида давлатлараро мулоқотнинг асосига айланган кўп томонлама битимлар тизими яратилди, кенг кўламли масалалар бўйича давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик қилишининг самарали механизмлари ривожлантирилди. Бу ишларда ҳуқуқий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади.
Таъкидланганидек, 2026 йилда, яъни Беларусь Республикаси раислиги даврида Комиссиянинг диққат марказида муҳим маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари турди. Улар қаторига Барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилган "МДҲда саломатлик ва инсон ҳуқуқлари ҳафталиги" акцияси ҳамда юзлаб ижодий ишларни жамлаган "Саломатлик ҳуқуқи" танловини киритиш мумкин.
Мажлис давомида 2027 йил МДҲда "Ҳуқуқий маърифат йили" деб эълон қилинганини инобатга олган ҳолда, Комиссиянинг келгуси йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
