Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Жосус кўзойнак – йилнинг энг машҳур ибораси

Австралиянинг “Macquarie” луғати 2026 йил учун энг муҳим ибора сифатида “pervert glasses” атамасини танлади. Бу ном яширин камераси бор ақлли кўзойнакка нисбатан қўлланади. Ҳайъат фикрича, ушбу ибора сунъий интеллект жадал ривожланаётган, одамларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги тобора кўпроқ хавф остида қолаётган даврни акс эттиради.

Сўнгги вақтда жамоатчилик эътиборига тушган “Meta” компаниясига тегишли “Ray-Ban” ақлли кўзойнаги камераси орқали одамни ўзига билдирмай сурат ёки видеога олиш мумкин. Табиийки, айни ҳолат шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан боғлиқ хавотирни кучайтиради. Европа давлатларида назорат идоралари ва айрим қонун чиқарувчилар бундай қурилмадан фойдаланишни чеклаш таклифини илгари сурган. Масалан, Англия ва Уэльсда суд жосус кўзойнакдан фойдаланишни тақиқлаган.

“Macquarie” луғати аввалги йилларда ҳам замон руҳини акс эттирувчи атамаларни саралаган. 2025 йил “AI slop” – сунъий интеллект яратган сифатсиз контент, 2024 йил эса “enshittification” – рақамли хизмат сифати ёмонлашуви йил сўзи бўлган эди. Янги рўйхатга СИ ёрдамида одам суратини кийимсиз кўринишга келтиришни англатувчи “nudify” ва “AI;DR” – “СИ яратган матнни ўқимадим” ибораси ҳам киритилган.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Nashr sanasi 25.11.2026 Ko'rishlar 58
Ulashish