Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон вакиллари Марказий Осиё альянсининг Бишкекдаги йиллик форумида иштирок этди

17-18 ноябрь кунлари Бишкек шаҳрида Гендер зўравонликка барҳам бериш бўйича Марказий Осиё альянси ва CHANGE дастурининг йиллик форуми бўлиб ўтди. Форум Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг давлат органлари, фуқаролик жамияти ташкилотларидан қарийб 60 нафар вакиллар ҳамда экспертларни ўзида жамлади.

Форум Альянс томонидан CHANGE дастури билан ҳамкорликда ва "БМТ – аёллар" тузилмасининг техник кўмагида ташкил этилди. Қирғиз Республикаси Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги асосий ҳамкор сифатида иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими Севинч Жамшидова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат делегация қатнашди.

Ўзбекистон делегацияси номидан Президент Администрацияси вакили сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг гендер зўравонликнинг олдини олиш ва унга нисбатан чора кўриш соҳасидаги тажрибаси, устувор йўналишлари ҳамда ёндашувлари ҳақида маълумот берди.

Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар Альянс ва CHANGE дастури ўртасидаги ҳамкорлик натижаларини кўриб чиқдилар, "Амалиётлар ярмаркаси" шаклида ўз мамлакатлари тажрибасини намойиш этдилар. Шунингдек, умумий муаммолар, аввало, онлайн макондаги зўравонлик масаласи ва Альянснинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган Йўл харитаси муҳокама қилинди.

“Жаҳон кафеси” форматидаги мавзули муҳокамалар зўравонликнинг олдини олиш ва ижтимоий меъёрларни ўзгартириш, идоралараро қайта йўналтириш хизматлари ва механизмлари, эркаклар, ёшлар ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар билан ишлаш, рақамли инновациялар, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги масалаларига бағишланди.

Тадбирнинг иккинчи куни амалий сессиялар, жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш хизматларидан фойдаланиш имконияти, ижтимоий тармоқларда хавфсиз мулоқот ҳамда ёшларнинг рақамли фаоллиги бўйича машғулотлар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг мазкур форумдаги иштироки минтақа давлатлари билан тажриба алмашишга, шунингдек, гендер зўравонликнинг олдини олиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.11.2026 Ko'rishlar 198
Ulashish