Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрелда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор билан худди шу бош ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция ва дастур тасдиқланди.
Қарорда таъкидланганидек, “Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда”.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини миллий истиқлолимизнинг давлатчилигимиз тарихи, ҳозирги ва келажак ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ юксак даражада, муносиб нишонлаш бош мақсад этиб белгиланди.
Қарор ижроси доирасида ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларга бағишланган “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-альбоми тайёрланмоқда. Ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35, #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акциялари бошланди.
Шунингдек, “35 йиллик Истиқлол йилномаси” рукнида мустақиллигимизнинг тарихий босқичлари, эришилган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларини ёритувчи туркум ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар тайёрланиб, телеканалларда намойиш этилмоқда. Яқин орада хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистон – ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирларга старт берилади.
Бошқача айтганда, давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят ва туман (шаҳар) марказларида, барча маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, вазирлик ва идоралар тизимида муносиб нишонлашга қаратилган кенг қамровли тайёргарлик ишлари авжида.
Шу ўринда Истиқлол байрамининг “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”, деган бош ғоясида мужассам этилган тушунча ва ибораларнинг мазмун-моҳиятига имкон қадар батафсил тўхталиш айни муддаодир.
“Ягона Ватан” – Ўзбекистон. Айнан Ўзбекистонда 1990 йил 20 июнда – “Мустақиллик декларацияси”, 1991 йил 31 августда – “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари ҳақида”ги конституциявий қонун Ўзбекистон парламенти томонидан қабул қилинган.
Шу тариқа 1991 йили 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни, деб эълон қилинди. Халқимизнинг асрлар оша орзу қилиб келган ёруғ ниятлари амалга ошди.
Ягона Ватан – Ўзбекистон инсоният руҳининг улуғворлиги ва ақл зиёсининг рамзи, умумбашарий тафаккур бешикларидан бири бўлмиш серқуёш диёримиздир.
Ягона Ватан – Ўзбекистон ноёб маданият ва юксак маърифат, Шарқ турмуш фалсафаси, инсонпарварлик руҳи билан йўғирилган адабиёт ва нафис санъатнинг азалий ва абадий ватани ҳисобланади.
Ягона Ватан – Ўзбекистон ўзининг буюк кўҳна тарихи ва ҳозирги замон тараққиёти билан ўзаро узвий боғлиқ бўлган истиқболи порлоқ мамлакатдир. Жонажон юртимизнинг маънавий, маърифий ва тарихий салоҳияти жаҳон ҳамжамиятида тобора муносиб ўрин эгалламоқда.
Айни чоғда, Ўзбекистон ўз суверенитети, давлат мустақиллигига осонлик билан эришмаганлигини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Истиқлол йўлида сўнгги бир ярим аср давомида курашган не-не фидойи ватандошларимиз муттасил қатағон этилди, ҳурриятга интилган миллат қаҳрамонлари зулм ва зўравонлик қурбони бўлди.
Ягона Ватан – Ўзбекистонда бугун юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг пок номлари тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар қатъий ва изчил давом этмоқда. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “бу масалада адолат қарор топиши шарт».
“Ягона халқ” – ўзбек халқи, Ўзбекистон халқи. Истиқлол арафасидаёқ ишлаб чиқишга киришилган ва 1992 йил 8 декабрда мустақил халқимиз ва суверен давлатимиз қабул қилган Конституциямизда қайд этилганидек, “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”.
Ўз навбатида, 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз “Ўзбекистоннинг ягона халқи” деган янада ҳаққоний тушунча билан бойитилди. Таъбир жоиз бўлса, “ягона халқ” тушунчасининг мазмун-моҳиятини Ватанимизда доимий асосда яшаб келаётган фуқаролар ва барча заминдош инсонлар ташкил этишига оид реал воқелик Асосий Қонунимизнинг бошқа моддаларида изчил ривожлантирилгани ҳар қандай таҳсинга лойиқдир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 23-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”.
Шундай ғамхўрликка битта амалий мисол. Гап шундаки, Оқ пошшо босқинидан бошлаб бутун шўролар замонида ва ҳаттоки Истиқлолнинг қарийб чорак асри давомида пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлганди.
Не тонг, ана шу қақшатқич пахта сиёсати оқибатида Орол денгизи қуриди, юртимиз ва бутун минтақамиз экологияси инқирозга юз тутди, иқтисодиёт ва таълим тизимлари бутунлай издан чиқди. Оқибатда миллатимиз умид кўзларини тиккан бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди.
Миллат Сардорининг жасорати ва матонати билан бу борада ҳам адолат қарор топди. Бугун Янги Ўзбекистонда пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасининг тасарруфига берилди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта «ўлпони»дан озод бўлди, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйилди.
Халқимизнинг қадди тикланди ва қадри юксалди. Фарзандларимиз ниҳоят ўқиш ва изланиш, илм-фан сирларини кашф этиш, касб-ҳунар ўрганиш, спорт билан шуғулланиш, турли илғор соҳаларда ўз иқтидорини баралла намоён этиш имконига эга бўлди. Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланадиган давлатлар тиркалгувчи халқаро «қора рўйхат»лардан чиқарилди.
“Янги ҳаёт” – Янги Ўзбекистон давлатининг жорий тараққиёт даражаси ва бахтиёр халқимизнинг бугунги саодатли кунлари. Бу иборанинг маъно-моҳияти Янги Ўзбекистон Президенти бундан 10 йил олдин кун тартибига қўйган адолатли, ҳаққоний ва қатъий бир талаб билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, “Халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, айнан бугун бахтли яшаши керак!”
Шу негизда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида оламшумул ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бунга битта мисол келтириш билан кифояланамиз.
Камина Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири сифатида 1996-йилларда “Ўзбектуризм”нинг биринчи раҳбаридан интервью олгандим. Ўшанда навқирон мустақил юртимизга келган хорижий сайёҳларнинг бир йиллик сони бир миллион нафарга ҳам етмаганлиги учун бу ҳақдаги маълумотни матбуотда эълон қилишдан тийилганимиз эсимда турибди.
Бугун эса Янги Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал ривожланиб, тарихий рекордларни янгиламоқда ва юртимизга бир ойнинг ўзидагина бир миллион нафар сайёҳ келиши одатий ҳолга айланмоқда. Мамлакатимизга келган хорижий сайёҳлар сони, 2025 йил якунларига кўра, қарийб 12 миллионга етгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
“Янги келажак яратамиз!” – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бош ғоясининг охирги ибораси шундай. Илло, келажак марралари пойида шонли тарих ютуқлари мустаҳкам пиллапоядир.
Бунга биргина мисол: Янги Ўзбекистон космик технологиялар соҳасида янги босқичга қадам қўймоқда. Авваламбор, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлангани маълум қилинди.
Яқинда Президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда мамлакатимиз 2028 йилда илк илмий сунъий йўлдошини фазога учиришни режалаштираётгани қайд этилди. Мазкур лойиҳанинг Мирзо Улуғбек номи билан аталиши ва у нафақат космик технологияларни ривожлантириш, балки миллий-илмий мактабни шакллантириш ва ёш мутахассисларни тайёрлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонимизнинг биринчи миллий космонавтини қисқа муддатли космик парвозга тайёрлаш ишлари ҳам бошланиб кетди.
Ватанимиз, халқимиз, миллатимиз намояндалари юксакларга парвоз қилиш ҳақида, фазо ва коинот, юлдузлар ва сайёралар кашфи хусусида анчадан буён ўйламай ва интилмай, таъбир жоиз бўлса, орзу ҳам қилмай қўйганди, назаримда. Бу ўринда, аввало, шоҳ ва олим бобокалонимиз Мирзо Улуғбек ҳазратлари замонаси назарда тутилмоқда.
Ушбу Темурийзода аждодимиз XV асрнинг буюк олими ва давлат арбоби, астроном, математик ва доно ҳукмдор сифатларини уйғунлаштирган шахс бўлган. Марказий Осиёнинг буюк мусулмон олимлари анъанасини давом эттириб, Самарқандда ўша даврнинг энг йирик расадхоналаридан бирини барпо этган ва у ерда машҳур юлдузлар жадвали ва “Зижи Кўрагоний”ни тузган. Мирзо Улуғбекнинг астрономия соҳасидаги ишлари, хусусан, юлдузлар ва сайёраларнинг аниқ координатларини ўлчаши жаҳон астрономия фани тараққиётига катта таъсир кўрсатган.
Қолаверса, космик кеманинг ишлаш принципи импульс сақланиш қонунига асосланган, дейди мутахассислар. Демак, коинотга чиқаётган ҳар битта фазовий кема ускуналарининг ишлаши Ибн Сино ва Ал-Хоразмий боболаримизнинг ғояларига таянади.
Шу маънода, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш асносида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори миллий коинот инфратузилмасини яратишга ҳам жиддий эътибор қаратилаётир. Оққан дарё – яна оқади, дейдилар. Илоҳим шундай бўлсин!
Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир ютуғи – Мустақиллик меваси, Истиқлол ҳосиласидир. Шундай экан, Мустақиллигимиз бор бўлсин, озод Ватанимизга тараққиёт ва барқарорлик, фидойи халқимизга бахту фаровонлик ҳамиша ёр бўлсин!
Ғулом МИРЗО
«Гулистон» журналининг 2026 йил 3 - сони
