Президент Шавкат Мирзиёев яқиндагина Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Қарши шаҳридаги Давлат хизматлари маркази ва Технопарк фаолиятини кўздан кечирганди. Юқори тезликда интернет, замонавий техникалар фуқароларга тез, шаффоф ва қулай давлат хизматларини тақдим этишига мўлжалланган бундай марказларда кўрсатилаётган хизматлардан одамларнинг хабардорлигини ошириб, кенг фойдаланишга ўргатиш муҳимлигини таъкидлаганди.
Орадан атиги икки ҳафта ўтиб, яъни 27 ноябрь куни Касби туманида Давлат хизматлари марказининг замонавий, барча қулайликларга эга бўлган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Фахриддин Жумаев, Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳодир Маҳматқулов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Сотиболдиев, Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев ва янги бинода иш бошловчи марказ ходимлари иштирок этди.
Янги марказда банк хизмати, фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлими, биометрик паспорт бериш хизмати, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кутубхона, инвесторлар учун махсус хона, анжуманлар хонаси мавжуд. Йўлга қўйилган бепул “wi-fi”дан фуқаролар беминнат фойдаланишлари мумкин.
Акмал Саидов Президентимиз ғамхўрлигининг яққол намунаси бўлган Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари фаолиятининг афзалликлари ҳақида тўхталди. Бу ерда битта бинода фуқароларга 140 турдаги давлат хизматларини тез, шаффоф ва қулай усулда тақдим этиш йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга.
- Аҳолига тегишли давлат хизматларини тақдим этишнинг ушбу замонавий тизими, таъбир жоиз бўлса, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан ҳам жуда катта аҳамият касб этади, - деди А.Саидов. - Чунки бугунги кунда Давлат хизматлари марказининг ушбу янги биносида кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш учун фуқароларимиз илгари юздан ортиқ бинолардаги қанчадан-қанча кабинетларга қатнашга, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашга мажбур бўлган.
Тадбирда одамлар талабидан келиб чиқиб, Давлат хизматлари марказида янги хизмат турларини йўлга қўйиш, маҳаллалар билан онлайн боғланиб, аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2020
- Кўришлар: 3819
- Чоп этиш