Акмал Саидов: Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганиши керак

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов “Дунё” АА томонидан ташкил этилган «Конституция менинг ҳаётимда» аксияси саволларига жавоб йўллади.

- Конституция сиз учун нимани англатади?

— Конституция — Ўзбекистоннинг ташриф қоғози. Конституция ҳуқуқий билимларнинг алифбосидир. Шунинг учун, мен мамлакатимиз Конституциясини ўрганиш ва билиш, унга риоя қилиш ва Асосий қонунимиз билан фахрланишни мутлақо зарур, деб биламан.

— Конституциявий ҳуқуқларингизни тўлиқ биласизми? Ҳуқуқингизни ҳимоя қилишга тўғри келганми?

— Албатта, мен оддий инсон ва соҳа мутахассиси сифатида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқларимни яхши биламан. Мен инсон ҳуқуқларини профессионал ҳимоя қиладиган Миллий марказни бошқараман, шу жумладан фуқароларни шахсан қабул қиламан.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида сайловчиларимнинг ҳуқуқ ларини ҳимоя қиламан. Шу маʼнода, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиш - менинг касбимдир. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганиши керак. Миллий марказнинг асосий вазифаларидан бири – бу инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат.

- Касб фаолиятингиз ва кундалик ҳаётингизда конституциявий тамойиллардан фойдаланасизми?

— Касб фаолиятимнинг асосини конституциявий тамойиллар ташкил этади. Парламентдаги фаолиятимни ҳокимият бўлиниши тамойилига асосида амалга ошираман. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича фаолиятим Конституция ва қонун устуворлиги принсипига асосланади.

— Сиз учун Конституция куни нимани англатади ва бу байрамни қандай нишонлайсиз?

— Конституция куни – бу қонун билан белгиланган давлат байрамидир. Ҳар бир инсон ўз мамлакати Конституциясининг аҳамиятини англаши, ушбу байрамни муҳим сана сифатида нишонлаши муҳимдир. Конституциявий ватанпарварлик тарбияси фуқаро, умуман шахс тарбиясининг
муҳим қисмидир. Бундан ташқари, Конституция кунини мен мамлакатимиздаги барча ҳуқуқшуносларнинг касб байрами, деб ҳисоблайман. Демак бу менинг шахсий байрамимдир. Мен буни ҳамкасбларим билан биргаликда кенг нишонлайман. Шу жумладан, Конституцияга бағишланган турли тадбирларни ташкил қиламиз ва уларда иштирок этамиз.

Манба: "Дунё" АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech