Аввал хабар қилинганидек, Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеяси ишида Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда. Куни кеча Ассамблея мажлисида Ўзбекистон делегацияси раҳбари сўзга чиқди.
Ушбу халқаро анжуман “Халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш: бунда парламентнинг роли ва ишлаш механизми ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти” мавзусига бағишланган. Бу ҳақда сўз борганда, Парламентлараро иттифоқ замонавий халқаро ҳуқуқ ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлаш лозим.
Айниқса, Адолатли сайловлар принциплари тўғрисидаги декларация, Демократия принциплари тўғрисидаги декларация каби муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ер юзида ҳуқуқ, демократия ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципларини ўрнатишга қаратилган тамомила янгича чорловлардир. Ўз навбатида, Парламент ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги раҳбарий принципларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш фурсати етди.
Ассамблея мажлисларида Парламентлараро иттифоқ доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Бу жараёнларда халқаро парламентлараро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон парламенти ўз муносиб ҳиссасини қўшади.
Бинобарин, Олий Мажлис Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси сингари бир қатор халқаро парламентлараро форумларнинг иштирокчиси саналади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон парламенти Парламентлараро иттифоқнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва ҳужжатлар ишлаб чиқиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Шу орқали тинчлик ва хавфсизлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқларига доир масалалар бўйича парламентлараро мулоқотнинг изчил ривожланишига кўмаклашмоқда.
Энг асосийси, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Бу муҳим жараён мамлакатимизнинг халқаро шартномалар қабул қилиш борасидаги ташаббуслари мисолида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда.
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус қўллаб-қувватланди. Халқаро форум иштирокчиларига Конвенция лойиҳаси тайёр экани ҳақида ахборот берилди.
Маълумки, 2018 йилда Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Ушбу халқаро анжуман якунида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг расмий ҳужжати мақомига эга бўлди.
Октябрь ойи бошида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси офиси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган йирик халқаро анжуман ташкил этилди. Ушбу нуфузли семинар якунида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди.
Ҳозирги кунда Парламентлараро иттифоқ доирасида Хотин-қиз парламентарийлар форуми ва Ёш парламент аъзолари форуми фаолият олиб бормоқда. Агар Ўзбекистонда кейинги йилларда хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлашга нечоғлик катта эътибор қаратилаётгани ҳисобга олинса, бу борадаги сиёсатнинг уйғунлиги ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ниҳоятда кенг экани аён бўлади.
Ўзбекистон 2021–2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиш учун ўз номзодини илгари сурган. Шу мақсадда ишлаб чиқилган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва Бош Ассамблеянинг 60/251-резолюцияси доирасидаги мажбуриятлар" номли ҳужжат ҳам миллий парламент томонидан маъқуллангани муҳимдир.
Жорий йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.10.2019
- Кўришлар: 5322
- Чоп этиш