Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 10 сентябрда “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Янги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг «Нодавлат нотижорат ташкилотининг мажбуриятлари» номли 8-моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
Мазкур қисмнинг аввалги матни қуйидагича эди: «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирлар ўтказишни, шунингдек чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади».
Қонунни қабул қилишдан мақсад идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш ҳамда қонунчиликни тизимлаштириш доирасида ҳар бир идоранинг ваколатини босқичма-босқич камайтириш ва бекор қилиш бўйича тегишли вазифаларни амалга оширишдир.
Шунга кўра, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига киритилган ўзгартиришга асосан нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартибини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатидан чиқарилди.
Бу ваколат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига берилди. Бундан буён нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2016 йил 15 июндаги 157-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисидаги низом” (рўйхат рақами 2802, 2016 йил 15 июнь) бекор қилинади.
Ушбу муносабатлар эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.
Қонуннинг қабул қилиниши тегишли ижтимоий муносабатлар юқорироқ юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишини таъминлади.
Маълумот учун: Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги ПҚ–4193-сон қарори билан тасдиқланган Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгиловчи нормалари мавжуд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаган ҳолда қайта кўриб чиқиш жадвалининг 55-бандига асосан ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясининг 3-бандида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш белгиланган.
Хорижий давлатлар амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, Россияда нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий манбалардан молиялаштирилиши билан боғлиқ нормалар Россия Федерациясининг “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонунларида кўзда тутилган. Америка Қўшма Штатларида эса худди шундай муносабатлар “Хорижий агентни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.09.2019
- Кўришлар: 7096
- Чоп этиш