7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг олтинчи йиллик семинари иш бошлади. У “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусига бағишланган.
7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг олтинчи йиллик семинари иш бошлади. У “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусига бағишланган.
Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов кириш сўзи билан очди.
Қуръон тиловат қилинди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, ИҲТ Бош котибининг вакили Маҳа Акил ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг вакили Ричард Коменда нутқ сўзлади.
Сўзга чиққанлар Йиллик семинар иштирокчиларини қутлаб, анжуман ишига муваффақият тиладилар. Халқаро форум иштирокчилари эсдалик учун биргаликда суратга тушдилар.
Анжуман 8 октябрда якунланади. Тадбир дастурига кўра, халқаро семинар иштирокчилари учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат уюштирилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси академик Акмал Саидов жанобларининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусида Тошкент шаҳрида 2019 йил 7 октябрда очилган Йиллик 6-семинардаги кириш нутқи
Муҳтарама Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Камоловна Норбоева жаноби олиялари,
Муҳтарам Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг вакиллари,
Ҳурматли Комиссариат аъзолари, машварат иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар, Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу – Сизларга Яратгандан тинчлик-хотиржамлик, соғлик ва фаровонлик тилайман.
Сизларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Йиллик олтинчи халқаро семинарда иштирок этаётганингиз билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси номидан қутлайман. Менга қадимийлик ва замонавийликни ўзида ғаройиб тарзда уйғунлаштирган она шаҳримиз Тошкент заминида Сизларни кутиб олиш алоҳида фахр-ифтихор бағишлайди.
Чин қалбдан ишонаманки, Сизларда пойтахт шаҳримизнинг баракаси ва чиройида баҳра олишга фурсат топилади. Шу аснода Семинаримиз юксак даражада ташкил этилгани ва анжуманимизнинг барча иштирокчиларига кўрсатилган меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман.
Хонимлар ва жаноблар,
Бугунги кунда ёшлар аксарият мамлакатларда, айниқса, ИҲТга аъзо давлатларда аҳолининг катта қисмини ташкил этади. Бизнинг ушбу аҳоли қатламига нисбатан бефарқ ёндашувимиз жамиятларимиздаги барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни таҳдид остига қўйиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, Комиссиямиз ёшларнинг ҳуқуқлари ва салоҳиятлари тинчликсевар ва демократик жамиятлар барпо этишда муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олган ҳолда, мазкур Семинарга айнан шундай номни танлаш тўғрисида асосли қарор қабул қилди. Семинар давомида биз инсон ҳуқуқлари соҳасида ёшлар билан боғлиқ қандай муаммолар мавжудлигини аниқлашга ва уларни ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини белгилашга ҳаракат қиламиз.
Семинарда кўриб чиқиладиган вазифалар орасида ёшлар ҳуқуқларини давлат сиёсати даражасига чиқаришнинг йўллари ва усулларига доир таклифлар ишлаб чиқиш масаласи ҳам бор. Бундай муҳим чора ёш авлодга ҳаётнинг барча соҳаларини ривожлантиришда, шу жумладан барқарор тараққиётни таъминлашга кўмаклашишда ҳисса қўшиш учун имкониятлар яратишига ишончимиз комил.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи инсон ҳуқуқлари соҳасини инсониятга нисбатан ваҳшийлик оқибатларига қарши курашдан дунёнинг келажагини белгилайдиган соҳага ўзгартириши мумкин бўлган ташаббуснинг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилди.
Муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг жуда кўп сонли ёшларнинг террорчилик ташкилотларига жалб қилинаётганини ва ёлланаётганини ҳисобга олган ҳолда киритган таклифи дунё мамлакатларининг ёшларга оид сиёсатини белгилаб берадиган ва йўналтирадиган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини шакллантиришдир. Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари таъкидлаганларидек, дунё миқёсида мувофиқлаштирилган стратегиялардан фойдаланган ҳолда дунё миқёсида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан содир этилган бошқа жиноятлар қатори экстремизмга қарши курашиш ҳамда биринчи ўринда уларнинг муаммолари сабабларига барҳам беришга қаратилган.
Хонимлар ва жаноблар,
Ислом дини ёшлар ҳаётида, уларнинг жамият тараққиётида тутган ўрнини белгилашда улкан аҳамиятга эга. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллоллоҳу алайҳи васаллам) навқирон фарзандларимиз ўрнак ва намуна олишлари учун муносиб юксак тимсолдирлар. Расули Акрам ҳалолликлари ва покизаликлари учун болалик пайтларидаёқ “Содиқ” (“Самимий”) ва “Амин” (“Ҳақиқатсевар”) сифатида машҳур бўлганлар.
Исломнинг илк даврида Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғомларига қулоқ тутганларнинг аксарияти ўсмирлар эди. Али ибн Абу Талиб шундай ёшлардан бўлиб, у зот биринчилар қаторида бола пайтидаёқ исломни қабул қилганлар. Бугунги ёшларнинг ҳам худди шундай қатъиятли ва азму шижоатли бўлишини замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.
Биз, ёши улуғлар, навқирон авлодларга юксак ўрнак кўрсатишимиз, ўзимиз яшаётган ислом жамиятининг таянч устунлари бўлмиш қадриятлар тизимини қўллаб-қувватлаш ва авлодларга етказиш борасида ўсиб келаётган фарзандларимизга муносиб намуна бўлишимиз лозим. Биз, шунингдек, фаол инсонлар ва сиёсатчилар сифатида, ёшларимизнинг хулқ-атвори шаклланишига эътибор қаратишимиз, хусусан, уларнинг ижобий куч-қувватини камситишларсиз жамият барпо этишга йўналтиришимиз зарур.
Ёшлар ҳуқуқлари – бу навқирон авлод ўзининг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини тўла рўёбга чиқариши, деганидир. Бу ҳуқуқ ва эркинликлардан ҳар бир инсон фойдаланиши зарур бўлгани ҳолда, айримларга ёши нуқтаи назаридан бу борада чекловлар қўйилади. Бундай ҳолатлар эса ўсиб келаётган авлодларга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Бу каби вазиятлар баъзан очиқ, яъни ёш бўйича чекловлар мисолида намоён бўлади. Баъзан эса бундай вазиятни сезиш осон эмас, яъни ёшларга нисбатан салбий муносабат яширинча қарашлар, ёв тушунча ва эътиқодлар замирида ётган бўлади. Оқибатда эса ёшлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолаверадилар. Навқирон авлоднинг ёши нуқтаи назаридан турли ғов-тўсиқларга дучор бўлаётганини ҳисобга олсак, ёшларни, айниқса, қиз болаларни уларга қарши қаратилган камситишлардан ҳимоя қилиш учун астойдил курашиш зарурлиги яққол аёнлашади.
Хонимлар ва жаноблар,
Ҳозирги кунда ИҲТга аъзо кўпгина мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари борасидаги аҳвол қониқарлилик даражасидан анча қуйида эканидан кўз юмиб бўлмайди. Навқирон қатламнинг катта қисми фаол эмас, фаол иш излаётган ёшлар эса жиддий муаммоларга дуч келмоқдалар.
Мусулмон олами ёшларининг ижтимоий ҳаракатчанлиги чеклангани ҳамда ижтимоий, маданий, иқтисодий ва сиёсий фаолиятда иштирок этишларига турли чекловлар қўйилгани оқибатида улар қаттиқ руҳий зарбани ҳис этиб яшамоқдалар. Аксар ҳолларда навжувон аёллар ва бўй қизларнинг захиралар, товарлар ва хизматлардан фойдаланиши борасидаги тенгсизликлар туфайли кўпинча улар йигитларга нисбатан ҳам кўпроқ зиён кўрмоқдалар. Ғоят фаол кибермакон мавжуд бўлган ҳозирги замонавий шароитда имкониятлар борасидаги бундай етишмовчиликлар бир қатор мамлакатларда ижтимоий беқарорлик ва сиёсий тартибсизликларни келтириб чиқармоқда.
Хонимлар ва жаноблар,
Навқирон йигит-қизларимизга келажагимизни ҳаракатлантирувчи асосий шижоаткор куч сифатида қарашимиз лозим. Уларнинг сифатли таълим олиши, ўзлаштирган илми ва касб-ҳунари билан иқтисодиётга муносиб интеграциялашиши, юқори самарадорликка эга ва рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишиши масалалари алоҳида диққат марказимизда туриши ниҳоятда зарур. Ёшларни ҳеч қандай камситишларга дучор этмаган ҳолда, жамиятнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётида тўлиқ иштирок этишлари учун уларга кўмак, овоз ва имконият берилиши даркор.
Бугун биз Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳақида кўп эшитаяпмиз. Барқарор тараққиёт мақсадлари, айниқса, 16-Мақсад ёшларни ижтимоий жиҳатдан бирлаштиришга қаратилган. Хусусан, унда умумий одил судловнинг ҳаммага бирдек очиқлиги, тинчликсевар ва камситишларга йўл қўйилмайдиган жамиятларни ривожлантириш мақсадида тегишли ҳисобдор ташкилотларнинг изчил иш олиб бориши зарурлиги қайд этилган.
Энди ана шу узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун давлатлар ўзларининг тегишли қонун, стратегия ва дастурларини қабул қилишлари тақозо этилади. Шунингдек, самарали мониторинг ва баҳолаш механизмларини татбиқ қилиш зарур. Бунинг натижасида тўпланган маълумотларни давлатларнинг маърузалари шаклида давлатлараро институтларга тақдим этилиши, ўз навбатида, ўзаро мазмун-моҳиятли мулоқотлар олиб бориш учун асос бўлади.
Шу билан бирга, афсуски, дунё миқёсида ҳалига қадар ёшларнинг аниқ ҳуқуқларини белгилашга доир биронта алоҳида ҳужжат ёки восита мавжуд эмас. Шу тариқа Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқий конвенция бугун навқирон авлод дуч келаётган аниқ-равшан муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Айни чоғда, ёшлар ҳуқуқларига доир махсус ҳужжат бўлмаган ҳолатда, ёш авлоднинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд воситалардан фойдаланиш тақозо этилади. Бу жараёнга ёшлар ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни жалб этган ҳолда, мазкур воситалар кўмагида тайёрланган глобал даврий шарҳларни очиқ-ошкора тақдим этиш мумкин.
ИҲТга аъзо давлатлар “Ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича махсус услубиётлар”ни яратиш масаласини ҳам муҳокама қилса бўлади. Шунингдек, инсон ҳуқуқларига асосланган ҳолда, давлатлар учун ёшларга доир сиёсатнинг раҳбарий принципларини ишлаб чиқиш мумкин.
Ишончим комилки, бугунги семинар очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтади. Бу мунозара ва мушоҳадаларимиз, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг кенгайтиришга қаратилган амалий қарорлар учун замин бўлиб хизмат қилишига аминман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Норасмий таржима
- Қўшилди: 07.10.2019
- Кўришлар: 5767
- Чоп этиш