Асосий қонун инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали таъминлашга қаратилгани билан мукаммаллик касб этди

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” ғояси асосида юртимизда  Бош қомусимизнинг 33 йиллиги нишонланмоқда.  

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Ширин Ҳамдамова Бош қомусимизда акс этган инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида гапириб берди: 

– Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа кўпайтирилди. Умуман, Асосий қонун инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлашга қаратилгани билан янада мукаммаллик касб этди.   

Бош қомусимизнинг 54-моддасига кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

55-моддага асосан ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ, мамлакатимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Асосий қонун мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. 

Ўзбекистонда қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонун, фармон, қарор ёки бошқа идоравий ҳужжатларнинг барчаси Конституцияга асосланади. Бу эса, ҳуқуқий давлатнинг асосий талабидир.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш мақсадида умумэътироф этилган “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” институтлари конституциявий даражада мустаҳкамланди.  

Инсон ҳуқуқларининг суд ҳимояси кафолатларини таъминлаш мақсадида телефон сўзлашувларини эшитиш ва тинтув ўтказишга санкция бериш ваколати прокуратурадан судга ўтказилди. 

Асосий қонунда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши белгиланди. 

Бу “Айбсизлик презумпцияси” принципининг амалда рўёбга чиқарилишининг кафолати бўлди. Ҳар ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги Конституцияда аниқ белгилаб қўйилди.

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги каби муҳим нормалар ҳам қомусдан ўрин олди.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизими изчил такомиллаштирилиб, тергов судьялари институти жорий этилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш учун суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби, яъни тафтиш инстанцияси жорий этилди. 

Буларнинг барчаси амалда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. 

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech